Ўзбекистон | 09:51 / 09.11.2022
2128
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мавзусида глобал форум ўтказилади

Жорий йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим мавзусидаги глобал форум бўлиб ўтади.

Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 46-сессиясида илгари сурилган эди.

Глобал форум асосий мақсади БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилиши оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат. Ушбу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувлар тақдимотини ташкил этиш, халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2022 йил 6 октябрдаги резолюциясига мувофиқ, глобал форум доирасида 2030 йилгача кун тартиби ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия бўйича бошқа тегишли ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи учун асосий соҳалар ва мавзули масалалар юзасидан таклифлар муҳокама қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид