Жаҳон | 08:10 / 09.11.2022
9308
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи ваъда қилинган 9 млрд еврони Киевга тўлиқ ўтказа олмайди

ЕИ 2022 йилда Украинага молиявий ёрдам сифатида 9 миллиард евро ўтказиш ваъдасини аъзо давлатларнинг бу масалада бирлиги йўқлиги сабабли бажара олмайди.

Фото: AP

Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Валдис Домбровскис 8 ноябрь, сешанба куни Европа Иттифоқи иқтисодиёт вазирлари йиғилишидан сўнг, Европа Иттифоқи Украинага май ойида ваъда қилинган 9 миллиард евро миқдоридаги молиявий ёрдамни жорий йилнинг охиригача тўлиқ ҳажмда ўтказа олмаслигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур мавзу юзасидан учрашув давомида «кенг муҳокама» бўлиб ўтган.

Euobserver интернет-нашрининг ёзишича, Украинага ваъда қилинган ёрдам тўловининг кечикишига ЕИ давлатлари ўртасидаги ушбу мавзудаги ички келишмовчиликлар сабаб бўлган.

Еврокомиссия Украинага 2022 йилда мамлакат бюджети тақчиллигини қоплаш ва унинг иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун 9 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам бериш режасини май ойида эълон қилди.

7 ноябрь куни Еврокомиссия вакили Киев август ойида 1 миллиард евро, октябрда эса 2 миллиард евро тўлов олганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йил охиригача яна 3 миллиард евро ажратиш режалаштирилган, шунда 2022 йилда тўловларнинг умумий миқдори ваъда қилинган 9 миллиард евро ўрнига 6 млрдни ташкил этади.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский унинг мамлакатига йил охиригача ҳали тўланмаган 6 миллиард евро «ўта зарур» эканини айтганди.

Октябрь ойи охирида Берлинда Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро экспертлар конференцияси арафасида Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен Украинага фақат бюджетни қоплаш, харажатлар, шу жумладан иш ҳақи ва пенсиялар учун ойига 3 миллиарддан 5 миллиард еврогача кераклигини маълум қилди ва Европа Иттифоқи Украинани ойига 1,5 миллиард евро миқдорида молиялаштиришга тайёрлигини таъкидлади, шунда 2023 йил учун умумий миқдор тахминан 18 миллиард еврони ташкил қилади.

Еврокомиссия 9 ноябрь куни Украинага 2023 йилда 18 миллиард евро миқдорида янги ёрдам пакетини тақдим этиш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда. Режа Европа Иттифоқи бюджетидан Киевга маблағ тўплаш учун кафолат сифатида фойдаланишни назарда тутади ва Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатнинг бир овоздан қўллаб-қувватлашини талаб қилади.

8 ноябрь куни Чехия молия вазири, ҳозирда Европа Иттифоқи кенгаши раиси Збинек Станюра ушбу ёрдам пакетини тасдиқлаш унинг мамлакати учун устувор вазифа эканлигини ва у Украина 2022 йилда тўланмаган 3 миллиард евро ёрдамни 2023 йил январида олишига умид қилишини айтди.

Шу билан бирга, 7 ноябрь куни Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Болгарияда бўлиб ўтган Марказий Европа ташаббуси мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида унинг мамлакати Европа Иттифоқининг Украинага узоқ муддатли молиявий ёрдам кўрсатиш режасини қўллаб-қувватламаслигини айтди. «Биз бундан кейин ҳам Украинага икки томонлама асосда молиявий ёрдам кўрсатишга тайёрмиз, бироқ бу соҳада ҳеч қандай умумевропа қарзини қўллаб-қувватламаймиз», — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид