Жаҳон | 12:12 / 11.11.2022
8898
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Жанубий Кореядан Украина учун снарядлар сотиб олмоқчи

Жанубий Корея АҚШ билан Украина армиясини жиҳозлаш учун Вашингтонга 150 минг дона 150 миллиметр калибрга эга снарядлар сотиш бўйича махфий битим тузди, деб ёзади The Wall Street Journal номи ошкор этилмаган АҚШ расмийсига таяниб. 

Фото: Getty Images

Хабарда қайд этилишича, Украина артиллериясининг ушбу арсенали камида бир неча ҳафта давомида Россия қўшинларига қарши мудофаа қобилияти учун етарли бўлади

Сеулдаги Мудофаа вазирлиги Жанубий Корея компаниялари «АҚШда 150 миллиметр калибрга эга снарядлар тақчиллигини бартараф этиш» мақсадида Қўшма Штатлар билан ўқ-дориларни экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади. 

Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги АҚШ ўқ-дориларнинг «охирги фойдаланувчиси» бўлиши шарти билан музокаралар олиб борилаётганига ишора қилди. 

Жанубий Корея Украинага ҳалокатли ва кучли қуроллар етказиб беришдан бош тортмоқда ва бу позицияда ҳеч нарса ўзгармади, дея таъкидлади вазирлик. 

Бундан олдин Пентагон Украинага 400 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилганди.

Янги пакет қуйидагиларни ўз ичига олади: HAWK ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар; тўртта Avenger зенит-ракета комплекси ва Stinger ракеталари; HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар; 21 мингта 155 миллиметрли артиллерия снарядлари; 500 та юқори аниқликдаги 155 миллиметрли снарядлар; 10 мингта 120 миллиметрли миномёт миналари; 100 та HMMWV ("Хамви") ҳарбий йўлтанламаслар; 400 та граната отиш мосламалари; ўқотар қуроллар, оптика ва унинг учун 20 миллиондан ортиқ патронлар; муҳандислик ускуналари; қишки шароит учун армия жиҳозлари. 

Пентагон таъкидлашича, Россиянинг Украина муҳим инфратузилмасига «шафқатсиз» зарбалари қаршисида ҳаво мудофааси айниқса муҳим. HAWK ракеталари уни кучайтиришга қаратилган - улар Украинага Испания томонидан тақдим этилган тегишли учириш қурилмаларини тўлдиради. Бундан ташқари, Украина ҳаво мудофааси Avenger зенит-ракета комплекси билан мустаҳкамланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид