10:47 / 11.11.2022
25135

Қурувчига қарши чиққан профилактика катта инспектори тақдирланди

Чилонзор туманидаги кўп қаватли уй қурилишига қарши чиққан профилактика катта инспектори Азимжон Қудабаев ҳоким томонидан тақдирланди.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги

Куни кеча Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласида кўп қаватли турар жой қурилиши кўплаб норозиликларга сабаб бўлганди. Бу бўйича Kun.uz ҳам вазиятни ўрганиб, материал эълон қилганди. Ўшанда тадбиркор мазкур ҳудудни ўраб олаётган вақтида маҳаллада ишловчи Чилонзор тумани ИИО ФМБ 1-сон бўлими профилактика катта инспектори капитан Азимжон Қудабаев ҳам бўлиб, 1-, 3-, 9- ва 39- уйлар оралиғидаги яшилликни ўраб олиш жараёнини тўхтатиб қолганди.

Чилонзор тумани ҳокимияти матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, маҳалла нозири вазиятга тўғри баҳо берган ва ўз вақтида жараённи тўхтатиб қолган. Шу сабабли 9 ноябрда Азимжон Қудабаев туман ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ва сектор раҳбарлари томонидан тақдирланди.

“9 ноябр Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев ва сектор раҳбарлари томонидан ушбу ходимнинг ўз касбига садоқатли меҳнати учун миннатдорчилик билдирилди ва муносиб тақдирланди.

Шу ўринда, туманимизда жамоат хавфсизлиги, аҳоли осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳиссасини қўшаётган, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатаётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз”,– дейилади Чилонзор тумани ҳокимияти матбуот хизматининг хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 15 сотихли бу ер Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори билан ажратилган эди. Кўпчиликнинг норозилигидан сўнг, «дом»лар орасида ўраб олинган ҳудуд бўйича якуний қарорга келиниб, қурилиш тўхтатиладиган бўлди.

Top