Жамият | 10:56 / 12.11.2022
20210
2 дақиқада ўқилади

Таъмирлашса асакаси кетадими: бузуқ йўлда ўндан ортиқ автоавария содир бўлди

Асака–Шаҳрихон 4R138  йўлининг Асака тумани «Файз» МФЙ ҳудудидан ўтган қисми таъмирланмаганлиги сабабли ўндан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ушбу йўл бир неча йилдан буён таъмирланмасдан келмоқда.

Бундан ташқари йўлнинг қатнов қисмининг икки жойида канализация қудуғи очиқ ҳолда ташлаб кетилган. Хавфдан огоҳлантирувчи бирор йўл белгиси қўйилмаганлиги ҳам ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Халқнинг ўзи эски шина, шифер ва бетон бўлакларидан хавфни билдирувчи тўсиқ ясаб қўйишган.

«Бу йўлда деярли ҳар куни бир кўнгилсиз воқеа юз беради. Ҳайдовчилар мана шу оғзи очиқ қудуқдан қочаман дея машинаси рулини бошқа томонга буриб, барибир чуқурга тушиб кетиб шикаст етмоқда. Узундан узун навбатлар ҳосил бўлмоқда. Бир неча маротаба мурожаат қилдик. Аммо натижаси бўлгани йўқ», – дейди маҳаллий турғунлардан бири.

Машиналар йўлдаги чуқурлардан ўтаётганда таги ерга тегиб қолай демоқда.

ЙТҲлар жиддийлашиб кетмасидан, фуқароларга каттароқ зарар етмасидан ушбу муаммонинг олдини олиш, йўлни таъмирлаб, қудуқларнинг оғзини ёпиш зарур. Андижон вилоятидаги мутасаддилар тез орада ушбу муаммога эътибор қаратади, деб умид қиламиз.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири.

Абдували Қурбонов
Муаллиф Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид