Жаҳон | 08:00 / 12.11.2022
10181
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: «Бугун тарихий кун - биз мамлакатимиз жанубига қайтмоқдамиз»

«Бугун тарихий кун - биз мамлакатимиз жанубига қайтмоқдамиз», - дея маълум қилди Украина президенти Володимир Зеленский Херсоннинг россияликлардан озод этилганига изоҳ бериб. 

Фото: president.gov.ua

«Ҳозирча бизнинг ҳимоячиларимиз шаҳар четида. Жуда оз қолди - киришни бошлаяпмиз. Лекин махсус бўлинмалар аллақачон шаҳарда», - деди Зеленский ватандошларига видеомурожаатида. 

Унинг қўшимча қилишича, Херсон аҳолиси босқинчиларнинг барча таҳдидлари, қатағонлари ва зўравонликларига қарамай, Украина байроқларини асраб юрган ва Украинага ишонган. 

«Украинага бўлган умид доимо оқланади - Украина ҳар доим ўзиникини қайтаради», деди давлат раҳбари. 

«Ҳимоячиларимиз томонидан озод қилинган бошқа барча шаҳарларда ҳам шундай бўлган. Бизнинг қайтишимизни кутаётган шаҳарларда ҳам шундай бўлади», деб ваъда берди у.

Украинага кенг кўламли босқиннинг бошиданоқ рус қўшинлари Херсон вилоятига кириб, унинг деярли барча ҳудудини аста-секин эгаллаб олишни бошладилар. Украина март ойи бошида Херсон устидан назоратни йўқотди. Шундан сўнг россияликлар оккупацион «маъмурияти»ни тузди, маҳаллий аҳолини, жумладан сиёсатчилар, журналистлар ва фаолларни ўғирлаб кетишди, шунингдек, рус рублларини муомалага киритишга ҳаракат қилишди.

Сентябрь ойи охирида, «референдум» деб аталган жараёндан сўнг, Москва Херсон, шунингдек, Донецк, Луҳанск ва Запорижжя вилоятларини аннексия қилганини эълон қилди. Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми фонида рус қўшинлари Днипронинг чап қирғоғига чекинишга мажбур бўлишди.

Мавзуга оид