Жаҳон | 09:33 / 14.11.2022
4356
2 дақиқада ўқилади

Словениядаги президентлик сайловларида Наташа Пирц-Мусар ғалаба қозонди

Мустақил номзод, адвокат Наташа Пирц-Мусар Словениянинг биринчи аёл президенти бўлади, у 54 фоизга яқин овоз тўплади. Пирц-Мусар 2016 йилда Мелания Трампнинг адвокати бўлган.

Фото: Getty Images

Словенияда 13 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида сўл марказчилар қарашларига амал қилувчи партиясиз номзод, адвокат Наташа Пирц-Мусар ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг 99,99 фоизини қайта ишлагандан сўнг у 53,86 фоиз, унинг рақиби, собиқ ташқи ишлар вазири, ўнг марказчи Словения демократик партиясидан депутат Анже Логар 46,14 фоиз овоз тўплади, деб хабар беради Люблянадаги сайлов комиссиясининг расмий сайти.

Шундай қилиб, 54 ёшли Пирц-Мусар Словениянинг биринчи аёл президентига айланади. 2004-2014 йилларда у ОАВ эркинлиги масалалари бўйича омбудсман лавозимида ишлаган. Адвокат сифатида у шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш ва маълумотлардан эркин фойдаланиш билан шуғулланган. Унинг энг машҳур мижози Доналд Трампнинг рафиқаси Мелания бўлиб, у 2016 йилда рухсатисиз унинг номидан реклама мақсадида фойдаланган словениялик таблоид ҳамда Словения ва Хорватия компанияларига қарши ишни олиб борган. Суд жараёни Трампнинг ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи турда сайловчиларнинг фаоллиги 1,7 миллионга яқин сайловчининг 44,08 фоизини ташкил этди.

Биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаган. 23 октябр куни бўлиб ўтган биринчи тур натижаларига кўра, ўнг қанот мухолифат номзоди Логар тахминан 34 фоиз, Пирц-Мусар деярли 27 фоиз овоз олган. Учинчи ўринни Европарламент депутати, социал-демократлар ва «Озодлик» ҳаракатидан номзод Милан Брглез эгаллади, у 15,4 фоиз овоз тўплади. Сайловда етти нафар номзод иштирок этди.

Янги давлат раҳбари 23 декабрда, Словениянинг амалдаги президенти Борут Паҳорнинг беш йиллик ваколати тугаши билан ўз лавозимига киришиши керак. Словения парламентли республика бўлиб, мамлакат президенти асосан вакиллик функцияларини бажаради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид