Жаҳон | 15:41 / 14.11.2022
9495
2 дақиқада ўқилади

Херсондан ишлаган бир қатор журналистлар аккредитациядан маҳрум қилинди

Украина ҳарбий маъмуриятининг таъкидлашича, эгаллаб олинган Херсондан рухсатсиз материал тайёрлаган журналистлар Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги буйруқларини қўпол равишда бузган. Бир қанча ОАВ вакилларининг аккредитацияси бекор қилинди.

Фото: iStock

Украина ҳукумати бир қатор Ғарб журналистларининг Херсондан тайёрлаган репортажлари учун аккредитациясини бекор қилди. Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 13 ноябрь куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, аккредитация «Херсон шаҳрида барқарорлаштириш чора-тадбирлари тугалланмай туриб ҳам ахборот фаолиятини олиб борган» айрим оммавий ахборот воситалари вакилларидан олиб қўйилган. Улар Украина ҳарбийлари билан келишувсиз ишлагани айтилади.

Бош штаб бундай ҳаракатларни ҳарбий қўмондонлик буйруқларини қўпол равишда бузиш, деб атади.

Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги қайси журналистларнинг аккредитацияси бекор қилингани, уларнинг пресс-карталари эса ҳақиқий эмас деб топилганига аниқлик киритмади. Украинанинг «Детектор медиа» нашри хабардор манбаларга таянган ҳолда маълум қилишича, камида олти нафар журналист, жумладан CNN ва Sky News вакиллари, шунингдек, «Громадське» телеканали журналистлари Анастасия Станко ва Микола Пастико ишлаш учун рухсатномаларини йўқотган.

Улардан ташқари, Украинанинг «Суспилне» ва «Рада» телеканаллари мухбирлари Херсондан сюжетлар тайёрлаб келишган, деб ёзади нашр.

Украина 11 ноябрь, жума куни Херсон устидан назоратни қайтариб олганини эълон қилди. Шаҳар Россиянинг Украинага бостириб киришининг дастлабки кунларидан бери оккупация остида эди – Киев март ойи бошида у устидан назоратни қўлдан чиқарди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид