Ўзбекистон | 14:11 / 16.11.2022
8282
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва ЕТТБ ҳамкорлиги бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади

16 ноябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши биринчи ялпи мажлиси ҳамда ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Самарқанд конференциясида иштирок этиш учун мамлакатга келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ЕТТБ билан ҳамкорлик жорий ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари охирги олти йилда Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли молиявий институти билан алоқалари мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди. Банк ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда Ўзбекистон асосий ҳамкорларидан бири экани айтилди.

Учрашувда давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хўжалик соҳаларида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш, «яшил» тараққиёт, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Одиль Рено-Бассо мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолади ҳамда сермаҳсул шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Келгуси йилда Самарқанд шаҳрида банк бошқарувчилари навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказишга тайёргарлик амалий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида мамлакатнинг ЕТТБ билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ тадбирлардан иборат «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид