Жаҳон | 08:51 / 16.11.2022
4179
2 дақиқада ўқилади

Украиналик қочқинлар қишни Болгариядаги меҳмонхоналарда ўтказади

Болгария ҳукумати қочқинларни чекка ҳудудлардаги давлатга қарашли дам олиш уйларига жойлаштириш режасидан воз кечди. Бунинг ўрнига расмийлар қўшимча маблағларни хусусий меҳмонхоналарга ўтказади.

Фото: Getty Images

Болгария ҳукумати Украинадан 11 мингга яқин қочқинни давлатга қарашли дам олиш уйларига ўтказиш режасидан воз кечди. Украиналиклар қишни Қора денгиз соҳилидаги хусусий меҳмонхоналарда ўтказишлари мумкин бўлади, улар ҳозир ўша ерда жойлашган. Бу ҳақда 15 ноябрь, сешанба куни dpa агентлиги хабар берди.

Аввалроқ украиналик аёллар Болгариянинг дўкон топиш ёки тиббий ёрдам олиш қийин бўлган чекка ҳудудларига кўчиришга қарши норозилик билдирган эди. Энди улар Қора денгиздаги меҳмонхоналарда яна тўрт ой қолишлари мумкин бўлади.

«Текширувимиз давомида аниқлаганимиз, яъни 11 мингга яқин киши ҳозир ўз фарзандлари билан бўлган жойларда, худди шундай шароитда қолади. Қолганлари эса, шу пайтдан бошлаб мамлакатимиз ҳудудига кела бошлаганлар Элхово буфер маркази орқали ўтишлари керак бўлади, улар у ерда 30 кунгача қолиб, кейин давлат базаларига тарқатилади», — дея ички ишлар вазири Иван Демержиевнинг сўзларидан иқтибос келтирган Болгария Миллий радиоси (BNR) .

Dpa маълумотларига кўра, меҳмонхона эгалари давлатдан бир киши учун кунига 15 лева (тахминан 7,66 евро) олади. Аммо меҳмонлар учун турар жой ва овқатланиш корхоналар учун анча қиммат.

«Украина учун Болгария» платформаси ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг Украинага агрессияси бошланганидан бери 884 мингдан ортиқ украиналиклар Болгарияга кирган. У ерда 53 мингга яқин одам узоқ вақт қолди. Умуман олганда, БМТ Қочқинлар агентлиги маълумотларига кўра, 7,8 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этишга мажбур бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид