Ўзбекистон | 09:41 / 18.11.2022
1843
2 дақиқада ўқилади

Польша Ўзбекистондан пахта ва ипак сотиб олиш ҳажмини оширади

Варшавада Ўзбекистон ва Польша тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Давра суҳбатида маъруза билан иштирок этган элчи Баҳром Бобоев GSP+ бенефициар мақомини олиш маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчилар учун замин яратишини, бу кейинчалик барқарор ўсиш ва экспорт маҳсулотлари ассортименти диверсификациясини таъминлашини таъкидлади. Бу Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида тўқимачилик маҳсулотлари савдоси учун ЕИда ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан қўлланиладиган транзит, божхона ва солиқ тўловлари, ушбу турдаги маҳсулот савдосидаги миқдорий чекловларни олиб ташлаш нуқтайи назаридан мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Польша вакиллари Ўзбекистон енгил саноат корхоналари маҳсулотларини тўғридан тўғри шартномалар бўйича мамлакатдаги савдо уйлари орқали илгари суриш мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратдилар. Бу халқаро амалиёт юксак даражада оқланади ва мамлакатга товарлар экспортини сезиларли даражада оширишни рағбатлантиради.

Улар айтишича, Ўзбекистон корхоналари тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, шу орқали техник жиҳозланиши ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш истаги саноат ўзига хос тенденциясидир. Бу меҳнат харажатларини камайтириш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради.

Польша компаниялари вакиллари ўз корхоналари эҳтиёжлари учун Ўзбекистондан пахта, тўқувчилик ва трикотаж калава, пахта, ипак ва жун газлама ҳамда бошқа маҳсулотлар етказиб берилишидан манфаатдор эканини билдирди. Улар ўзбек ишлаб чиқарувчиларига Европа бошқа бозорларига чиқишда ёрдам беришга тайёр эканини тасдиқлади.

Польшалик тадбиркорлар ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини экспорт ва импорт қилишдан манфаатдор йирик тўқимачилик корхоналари ва компаниялари раҳбарлари иштирокида ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон вакилларини Варшавага таклиф қилишга тайёр эканини билдирди.

Мавзуга оид