Ўзбекистон | 18:05 / 18.11.2022
5789
3 дақиқада ўқилади

Пойтахтда 56,7 мингта иш ўрни сунъий равишда ошириб кўрсатилган

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисоби соҳаларга мутаносиб равишда юритилмаганлиги натижасида иш ўринлари сунъий равишда ошириб кўрсатилмоқда.

Тошкент вилоятида 66,9 мингта ва Тошкент шаҳрида 56,7 мингта иш ўрни умумий ҳисоботни шакллантиришда сунъий равишда ошириб берилган. Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Эркин Гадоевнинг айтишича, бунда бир киши хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам, туризм йўналишида ҳам ишлаши қайд этилиб, худдики янги иш ўрни яратилгандек, нотўғри бўлишига қарамай ҳисоботларга киритиляпти. Натижада эса Тошкент вилоятида 3,6 мингта, Тошкент шаҳрида эса 4,6 мингта тўлдирилган иш ўрни, янги иш ўрни сифатида тақдим этилган.

Шунингдек, Гадоевнинг таъкидлашича, янгидан ташкил этилган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ичида ўз фаолиятини тўхтатганларнинг салмоғи юқори.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида янги ташкил этилган ЯТТларнинг 52 фоизи, Янгийўл шаҳрида 39 фоизи, Олмалиқ шаҳрида 35 фоизи ва Янгийўл туманида 35 фоизи, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 46 фоизи, Бектемир туманида 39 фоизи, Юнусобод туманида 38 фоизи ўз фаолиятини тўхтатган

Ҳунармандчилик йўналишида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан мавжуд бўлмаган субъектлар ҳам иш ўрни ҳисобида кўрсатилган ва уларга “шогирдлар” ҳам бириктирилган.

Тошкент вилоятида давлат рўйхатида мавжуд бўлмаган ҳунармандчилик субъектларида 227 та иш ўрни, Тошкент шаҳрида эса 69 та иш ўрни маълумотларда қўшиб кўрсатилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Тошкент вилоятида 872 нафар, Тошкент шаҳрида 991 нафар шогирд давлат рўйхатида мавжуд бўлмаган ва фаолияти тўхтаган ҳунармандларга бириктирилган.

Маълумот учун, январ-сентябр ойларида Ўзбекистон бўйича 5,9 млн нафар одам доимий, вақтинчалик ҳамда мавсумий ишлар билан банд қилинган. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, вилоятда 318,7 минг нафар, пойтахтда 448,4 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш мақсадида Тошкент вилоятида 23 минг нафар янги иш ўрнидан иборат 12 минг 300 та, шаҳарда 203 минг кишилик иш ўрни билан 42 минг 300 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилган.

Тошкент вилоятида 431 та, шаҳарда 128 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, натижада 14,5 мингдан зиёд ишчиларнинг бандлиги таъминланган.

Мавзуга оид