Ўзбекистон | 12:50
632
2 дақиқада ўқилади

Оҳангарон полигонидаги ёнғин учун “Махсустранс”га қарийб 684 млн сўмлик компенсация ҳисобланди

Оҳангарондаги чиқинди полигонида содир бўлган ёнғин ортидан атмосфера ҳавосига чиқарилган зарарли моддалар миқдори меъёридан 13 бараваргача ошган. Шу муносабат билан “MAXSUSTRANS-ISHB” давлат унитар корхонасига 683 млн 870 минг сўм миқдорида қўшимча компенсация тўлови ҳисобланди.

Фото: Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси

11-12 июл кунлари экология назорати инспекцияси ва экополиция ходимлари Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши юзасидан ўрганиш ўтди.

Экология қўмитаси хабарига кўра, текширув давомида Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Янгиҳаёт қўрғони ҳудудида жойлашган маиший чиқиндилар полигонида чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани сабаб 10 июл куни ёнғин содир бўлгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан полигон раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилган ва ёнғинни зудлик билан бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатма берилган. Бироқ экополиция томонидан ўтказилган қайта текширувда ушбу кўрсатма бажарилмагани, ёнғин 11 июл куни ҳам давом этгани маълум бўлган. Шу муносабат билан полигон раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 2-қисми асосида такроран жаримага тортилган.

Лаборатория таҳлиллари ёнғин оқибатида атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар миқдори сезиларли даражада ошганини кўрсатган. Хусусан:

  • углерод оксиди — 10,7 баравар;

  • формалдегид — 12,2 баравар;

  • азот диоксиди — 12,8 баравар;

  • олтингугурт диоксиди — 9 баравар;

  • водород сулфиди — 1,5 баравар рухсат этилган меъёрдан юқори экани қайд этилган.

Таҳлиллар асосида атмосфера ҳавосига етказилган зарар учун “MAXSUSTRANS-ISHB” ДУКка 683 млн 870 минг сўм миқдорида қўшимча компенсация тўлови ҳисобланган. Тегишли ҳужжатлар суд органларига юбориш учун тайёрланмоқда.

Экология қўмитасининг қайд этишича, мазкур полигон қурилиши 2021 йилда бошланган бўлса-да, ҳозиргача фойдаланишга расман топширилмаган. Шунга қарамай, 2025 йил май ойидан буён Тошкент шаҳридан чиқарилаётган маиший чиқиндилар айнан шу полигонга олиб келиниб жойлаштирилмоқда.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид