Жаҳон | 10:14 / 19.11.2022
9460
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Адлия вазирлиги Трамп иши бўйича махсус прокурор тайинлади

АҚШ бош прокурорининг фикрича, бундай қарор «жамоат манфаатларига жавоб беради». Трампнинг ўзи буни «адолатсиз» ва «сиёсий сабабларга кўра» деб ҳисоблади.

Фото: Getty Images

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга қарши терговни энди махсус прокурор бошқаради. Бу ҳақда 18 ноябрь, жума куни АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бундай қарор «жамоат манфаатларига жавоб беради». «Сўнгги воқеалар, жумладан, собиқ президентнинг президентликка номзодини эълон қилиши ва амалдаги президентнинг (Жо Байден) ҳам ўз номзодини кўрсатиш нияти туфайли мен махсус прокурор тайинлаш ҳақида шундай хулосага келдим. Бу жамоатчилик манфаатларига жавоб беради», деди Гарланд.

Жек Смит Трамп иши бўйича махсус прокурор этиб тайинланди. У Трампнинг Мар-а-Лаго мулкидан олинган махфий ҳужжатлар бўйича терговга, шунингдек, Капитолийга бостириб киришнинг алоҳида эпизодлари бўйича терговга раҳбарлик қилади.

Смит бу ҳолатларда Трампга қарши расмий айбловлар бўйича якуний қарорларни қабул қилиши керак бўлади. AFP агентлигининг хабар беришича, аввалроқ Жек Смит Ҳаагадаги махсус трибунал доирасида Косоводаги ҳарбий жиноятларни тергов қилган. Агентликнинг қайд этишича, Қўшма Штатлар собиқ президенти учун махсус прокурор тайинланиши АҚШ Адлия вазирлигининг «сиёсий воситалашуви» ҳақидаги гумонларни йўқ қилишига қаратилган бўлиши мумкин.

Доналд Трампнинг ўзи уни тергов қилиш учун махсус прокурор тайинланганини «адолатсиз» ва «сиёсий сабабларга кўра» деб билишини айтди. Fox News телеканалида у бу Қўшма Штатлар тарихидаги «адолатнинг энг ёмон сиёсийлашуви» эканлигини айтди.

Бу АҚШда Доналд Трамп ишини тергов қилиш учун махсус прокурор тайинланган биринчи ҳолат эмас. 2017 йилда Трамп президентлиги даврида бу ишни ФҚБнинг собиқ раҳбари Роберт Мюллер бажарганди. У 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви ҳақидаги даъволарни текширган. Бироқ Мюллер лавозимида бўлган қарийб икки йил давомида Трамп кампанияси ва Россия ўртасидаги тил бириктириш ҳақида етарли далиллар топа олмади.

Доналд Трамп 15 ноябрь куни АҚШ президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, у республикачи бошқа номзодлар билан солиштирганда яққол етакчилик қилмоқда. Консерваторлар орасида собиқ президент ўзининг партиядош рақибларидан кўра машҳурроқ ва кўплаб фанатик тарафдорларга эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид