20:15 / 19.11.2022
16673

Санкт-Петербург яқинидаги газ қувурида кучли портлаш содир бўлди

Портлаш магистрал газ қувурида юз бергани айтилмоқда. Қурбонлар ҳақида хабар берилмади. 

Фото: theins.ru

Россиянинг Ленинград вилояти, Всеволожск шаҳарчаси яқинидаги газ қувурида кучли портлаш содир бўлди. Шундан сўнг катта ёнғин бошланди. Олов устуни бир неча ўн метр осмонга кўтарилган. 

Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко сўзларига кўра, қурбонлар йўқ, портлаш сабаблари аниқланмоқда. 

«Ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар Бернгардовка ва Ковалево ўртасидаги газ қувуридаги портлаш натижасида юзага келган ёнғинни ўчирмоқда. Аҳолига ва ёнғиннинг турар жойларга тарқалишига ҳеч қандай хавф йўқ», деди губернатор. 

«Подъем» нашрининг ёзишича, портлаш оқибатида юзага келган зарба тўлқини Санкт-Петербург чеккасидаги кўп қаватли биноларга етиб борган. Индустриальний проспектидаги уйда яшовчи фуқаро портлаш оқибатида «дераза токчасидан майда нарсалар тушиб кетганини» ёзган. 

Гувоҳлар ёнғин акс этган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмоқда.

Портлаш ва ёнғин қувурдан газ сизиб чиқиши оқибатида содир бўлди, деб хабар берди РБК Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб. Ёнғинни ўчиришда иккита қутқарув гуруҳи иштирок этмоқда. 

Top