21:27 / 20.11.2022
64688

Мундиал тақвими. Ҳар бир жамоа ҳақида нималарни билиш керак?

Бугун, 20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Турнирнинг финал босқичига етиб келган жамоаларнинг имкониятларини баҳолаймиз.

A гуруҳи. Қатар, Эквадор, Сенегал, Нидерландия
В гуруҳи. Англия, Эрон, АҚШ, Уэльс
C гуруҳи. Аргентина, Саудияя Арабистони, Мексика, Польша
D гуруҳи. Франция, Австралия, Дания, Тунис
E гуруҳи. Испания, Коста-Рика, Германия, Япония
F гуруҳи. Бельгия, Канада, Марокаш, Хорватия
G гуруҳи. Бразилия, Сербия, Швейцария, Камерун
H гуруҳи. Португалия, Гана, Уругвай, Жанубий Корея.

A гуруҳи. Қатар, Эквадор, Сенегал, Нидерландия

A гуруҳи ўйинлари тақвими
20 ноябр

  • 21.00 Қатар — Эквадор

21 ноябр

  • 21.00 Сенегал — Нидерландия 

25 ноябр

  • 18.00 Қатар — Сенегал
  • 21.00 Нидерландия — Эквадор

29 ноябр

  • 20.00 Нидерландия — Қатар
  • 20.00 Эквадор — Сенегал

Қатар

Мезбонлар жаҳон чемпионати дебютига пухта тайёргарлик кўришган — баҳордаёқ миллий жамоанинг барча аъзолари турнирга мақсадли тайёрланиш учун клубларидан чақириб олинган, шундай экан, қатарлик футболчиларда ўзаро тушуниб ўйнаш борасида муаммо бўлмаслиги аниқ. Аммо бунинг иккинчи томони ҳам бор: апрелдан буён бу футболчилар фақат ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишган. Бу ўйинлардаги натижалар ҳам яхши таассурот қолдирмайди: масалан, сентябр ойида Феликс Санчес жамоаси Хорватия олимпия жамоасига йирик ҳисобда ютқазди.

Қатар ҳукумати муносиб иштирок учун барча ишни қилди, аммо ярим йил ичида футболчиларнинг даражаси ўсиб қолмаган. Чунки даража олдиндан юқори эмасди. Қатар кимдандир очко олиши мумкин, аммо улар плей-оффга чиқа олмайди.

Эквадор

Эквадор саралаш турнирида кўпчиликни ҳайрон қилди: Перу, Колумбия, Чили ва Парагвай ортда қолдирилди. Миллий жамоанинг энг таниқли юзлари — Эннер Валенсия ва Первис Эступиньян, аммо аргентиналик мураббий Густаво Альфаро жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчиларсиз ҳам жаҳон чемпионатига чиқишни уддалади. Тўғри, июнда ФИФА Эквадорни дисквалификация қилишига бир бахя қолганди — федерация терма жамоада қалбаки ҳужжатларга эга бўлган футболчини (Байрон Кастильо) ўйнатишда айбланди.

Ташқи муаммолар ҳисобга олинмаганда, жанубий америкаликларда барчаси яхши. Улар гуруҳда Сенегал билан рақобатлашади, аммо 1/8 финал — Эквадор учун энг яхши натижа бўлади.

Эквадорликлар машғулот жараёни. Фото Reuters

Сенегал

Африканинг амалдаги чемпионларида турнир арафасида жиддий устунлик бор эди — Садио Мане. «Бавария» ҳужумчиси бу кузда кўплаб голлар урди ва ЖЧга юқори спорт формасида етиб келаётганди, аммо танаффус арафасида «Бавария»нинг сўнгги ўйинида жароҳат олди ва Қатарга келмайдиган бўлди. Сенегалнинг бахтига «Челси» дарвозабони Эдуар Менди жароҳатдан тузалиб, сафга қайтди.

Аммо Эквадор билан бўлгани каби, африкаликлар жамоаси ҳам ташқи зарбага дуч келди — ҳужумчи Кейта Бальде сентябр ойида антидопинг қоидаларини бузгани учун уч ойга дисквалифация қилинди ва жаҳон чемпионатини ўтказиб юборадиган бўлди.

Сенегал гуруҳдан чиқиш учун яхши имкониятга эга, аммо ундан уёғига давом этиши даргумон.

Нидерландия

«Апелсинранглар» жаҳон чемпионатига турнирнинг эмас, гуруҳ фаворити сифатида қайтишмоқда. Мемфис Депай, Френки де Йонг, Виржийл ван Дейк ва жамоанинг бошқа юлдузлари фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмаяпти. Нидерландларда форвард ва дарвозабон амплуасида жиддий муаммолар бор: мунтазам гол урадиган ҳужумчи шунчаки йўқ, жамоанинг сўнгги ўйинларида дарвозани 39 ёшли Ремко Пасвер қўриқлади.

Луи ван Гаал учун бу терма жамоа бошқарувидаги сўнгги йирик турнир — жаҳон чемпионатидан кейин у ўрнини Роналд Куманга бўшатиб беради. Жамоа ван Гаал бошқарувидаги сўнгги турнирда ҳайрон қолдирганди — ЖЧ-2014да учинчи ўринни эгаллаганди. Ҳозирда жамоада чоракфинал учун яхши имконият бор, аммо кучли тўртликка кириш сюрприз сифатида кўрилади.

Нидерландиялик мухлислар. Фото Global Look Press

В гуруҳи. Англия, Эрон, АҚШ, Уэльс

B гуруҳи ўйинлари тақвими
21 ноябр

  • 18.00 Англия — Эрон
  • 00.00 АҚШ — Уэльс

25 ноябр

  • 15.00 Уэльс — Эрон
  • 00.00 Англия — АҚШ

29 ноябр

  • 00.00 Уэльс — Англия
  • 00.00 Эрон — АҚШ

Англия

Евро-2020 финалидан кейин Англия 1966 йилдан буён илк олтин медалларини қўлга киритишни кўзлаган. Гарет Саутгейтда ўтган сафарги жаҳон чемпионати тўпурари бўлган Ҳарри Кейн етакчилигидаги ажойиб таркиб бор.

Англияликларда ҳужумда муаммолар йўқ, аммо мудофаа чизиғи ташвиш уйғотади. «МЮ» ҳимоячиси Ҳарри Магуайр мемлар қаҳрамонига айланган, Бен Чилуэлл, Кайл Уокер ва Рис Жеймс жароҳат олишди, Саутгейт эса асосий тактик схемани танлай олмаяпти.

Сўнгги ўйинлардаги натижалар ҳам ташвишланарли: Англия Миллатлар Лигаси гуруҳида бирорта ғалабага эриша олмай, сўнгги ўринни эгаллади.

Эрон

Сентябр ойида Эрон термасига уч ярим йиллик танаффусдан кейин Карлуш Кейрош қайтди. Португалиялик мутахассис жамоа билан кўп ўйин ўтказишга улгурмади, лекин асосий ҳужумчилар — Сардор Ўзмун ва Меҳди Торимий яхши спорт формасида.

Эрон Осиё саралаш босқичида барчадан яхшироқ иштирок этган, аммо мундиалда жуда мураккаб гуруҳга тушиб қолди. Форслар гуруҳда очкосиз қолмаса керак, аммо жамоани плей-оффда тасаввур қилиш қийин.

Эронликлар машғулот жараёни. Фото Global Look Press

АҚШ

Америкаликлар Россиядаги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишганди, аммо жамоа ўз уйида ўтадиган ЖЧ-2026 га қадар кучли жамоага айланишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ термасининг кўплаб футболчилари Европа топ-клубларида ўйнайди: Кристиан Пулишич, Уэстон Маккенни, Сержиньо Дест, Жованни Рейна.

Грегг Берҳалтер шогирдлари гуруҳдан чиқиши ва чоракфинал учун ҳам курашиши тайин, аммо уларни топ-4да кутиш ўринсиз.

Уэлс

33 ёшли Гарет Бэйл учун бу биринчи ва катта эҳтимол билан сўнгги жаҳон чемпионати бўлади. Шу туфайли Уэльс термаси сардори жамоанинг ЖЧ-1958 турниридаги иштирокини такрорлаб, гуруҳдан чиқишига ёрдам бермоқчи. Аммо жамоа формаси мухлисларни жиддий хавотирга солмоқда: уэлсликлар Миллатлар лигаси гуруҳида биргина очко олиб, сўнгги ўринни эгаллашган.

Бир ярим йил муқаддам Евро-2020 да жамоа 1/8 финалда иштирокини тўхтатганди, ҳозир улар гуруҳдан чиқиш учун АҚШ билан рақобатлашади, жамоа тўғридан тўғри рақиби билан биринчи турдаёқ тўқнаш келади.

Гарет Бэйл. Фото Global Look Press

C гуруҳи. Аргентина, Саудия Арабистони, Мексика, Польша

C гуруҳи тақвими
22 ноябр

  • 15.00 Аргентина — Саудия Арабистони
  • 21.00 Мексика — Польша

26 ноябр

  • 18.00 Польша — Саудия Арабистони
  • 00.00 Аргентина — Мексика

30 ноябр

  • 00.00 Польша — Аргентина
  • 00.00 Саудия Арабистони — Мексика

Аргентина 

Аргентина — икки сабабга кўра жаҳон чемпионатининг асосий фаворитларидан бири. Биринчиси — Лионел Месси. Ҳамон сайёранинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турган Месси «ПСЖ»да кучли мавсум ўтказмоқда ва ўзи учун сўнггиси бўлиб қоладиган жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиш истаги ҳақида очиқ айтган.

Иккинчи сабаб — Лионел Скалони жамоасининг феноменал даражадаги мағлубиятсиз серияси, бу кўрсаткич аллақачон 35 ўйинга етган. Аргентиналиклар сўнгги бор 2019 йил июлида мағлуб бўлишган, бу вақт мобайнида жамоа Америка Кубогида ғолиб бўлишга улгурди. Уларнинг навбатдаги мақсади — жаҳон чемпионлиги.

Лионел Месси. Фото Global Look Press

Саудия Арабистони 

Россиядаги жаҳон чемпионатида Саудия Арабистони мезбонларга 0:5 ҳисобида ютқазган, аммо кейинги ўйинларда кутилмаганда яхши иштирок этган: Уругвайга 0:1 ҳисобида ютқазиб, Мисрни 2:1 ҳисобида мағлуб этган.

Аммо ҳозирда Эрве Ренар жамоаси яхши формада эмас: араблар  сўнгги саккиз ўйиндан фақат иккитасида ғалаба қозонди, ҳолбуки барча рақиблар гуруҳ вакилларидан кучсизроқ эди. Вазиятни таркибдаги муаммолар янада ёмонлаштиради — жамоанинг ёши жуда катта. Саудия Арабистони бундай ҳолатда бундай қийин гуруҳда очко олиши муаммо.

Мексика

Мексика термаси етакчиси Хесус Корона август ойида оғир жароҳат олганди ва жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишга мажбур. Шунга қарамай, Мексика ҳужум чизиғида бошқа таниқли футболчилар ҳам бор — масалан, Раул Хименес ва Ирвинг Лосано. Херардо Мартино жамоасида эса дарвозани одатдагидек Гильермо Очоа қўриқлайди, мухлислар ҳар тўрт йилда унинг ақл бовар қилмас сэйвларини томоша қилишади.

Мексика жуда барқарор: жамоа аввалги етти жаҳон чемпионатида узлуксиз равишда 1/8 финалга чиққан ва шу босқичда иштирокини тўхтатган. Ҳозирда ҳам шу каби натижа такрорланиши эҳтимоли юқори, аммо бунинг учун камида Полшани ортда қолдириб, плей-оффга чиқиш керак бўлади.

Ирвинг Лосано. Фото Global Look Press

Полша

Бу Россия билан жаҳон чемпионати йўлланмаси учун плей-оффда курашиши керак бўлган жамоалардан бири эди. Март ойига белгиланган ўтиш ўйинларига қадар Польша асосан ўртамиёна ва митти жамоаларни мағлуб этганди, жаҳон чемпионати йўлланмаси учун Швецияга қарши кечган жангдан кейин ҳам бу борада вазият ўзгармади. Мартдан буён Польша фақат Уэльсни мағлуб этди, энди эса гуруҳда Мексика ва Аргентина каби даҳшатли рақибларга қарши курашиш талаб этилади.

Полякларни Роберт Левандовски ўз ортидан эргаштириши керак — 34 ёшли форвард учун бу жаҳон чемпионати, катта эҳтимол билан сўнггиси бўлади ва ҳозирда Польшани асрда илк бор гуруҳ босқичидан олиб чиқиши керак бўлади.

D гуруҳи. Франция, Австралия, Дания, Тунис

D гуруҳи тақвими
22 ноябр

  • 18.00 Дания — Тунис
  • 00.00 Франция — Австралия

26 ноябр

  • 15.00 Тунис — Австралия
  • 21.00 Франция — Дания

30 ноябр

  • 20.00 Тунис — Франция
  • 20.00 Австралия — Дания

Франция

Амалдаги жаҳон чемпионларида титулни ҳимоя қилиш керак бўлган турнир арафасида қатор муаммолар юзага келди: Карим Бензема, Н'Голо Канте, Пол Погба, Нкунку ва Кимпембе жароҳат олган, Килиан Мбаппе реклама ҳуқуқлари бўйича федерация билан можарога борган, Дидье Дешам эса турнирдан кейин ўз ўрнини Зинедин Зиданга бўшатиб бериши ҳақида айтишмоқда.

Шунга қарамай, Франция топ-жамоа бўлиб қолаверади. Айтиш керакки, Дидье Дешам жамоаси тавқи лаънат босими остида — сўнгги уч жаҳон чемпионатида амалдаги ғолибларнинг ҳеч бири гуруҳдан чиқа олмаган. Аммо, вазиятга реал қаралса, Франция камида яримфиналга етиб бора оладиган таркибга эга.

Килиан Мбаппе. Фото Global Look Press

Австралия

Австралияликлар жаҳон чемпионатига етиб келиш учун қаттиқ меҳнат қилишига тўғри келди: биринчи ўтиш ўйинида БААни базўр енгишди, кейингисида эса фақат пенальтилар сериясида Перудан ўтишди. Австралияда ҳозир Тим Кэҳилл ёки Ҳарри Кьюэлл даражасида юлдуз футболчи йўқ, энг таниқли футболчиси — «Копенҳаген»нинг иккинчи дарвозабони Мэтью Райан. Уларда плей-оффга чиқиш учун ҳам имконият кўп эмас.

Дания

Евро-2020 яримфиналчиси Қатарда ҳам мухлислар меҳрини қозониши мумкин. Данияда ўша турнирдаги таркиб ўзаги сақланиб қолган, асосийси — жамоа етакчиси Кристиан Эриксен сафга қайтган. Даниялик футболчи ўйин вақтида юраги тўхтаб қолганидан кейин ҳам юқори савияда ўйнашда давом этмоқда, унинг тарихи эса жамоадошларига қўшимча иштиёқ беради.

Дания гуруҳдан чиқиши керак, аммо дарҳол Аргентинага тўқнаш келадиган бўлса, чоракфинал улар учун армон бўлиб қолади.

Дания миллий жамоаси футболчилари. Фото Global Look Press

Тунис

Тўрт йил муқаддам Тунис фақат Панамани енга олганди, лекин жамоа дастлабки турда Англиядан очко олиши ҳам мумкин бўлганди. Ҳозирда араблар жамоасида яна қийин гуруҳ ва кучсиз таркиб. Мухлисларнинг аксари Тунис термаси футболчиларини танимайди.

Тунис учун гуруҳдан чиқиш сенсация бўлади, аммо африкаликлар Австралия билан ўйинда очко олиши мумкин.

E гуруҳи. Испания, Коста-Рика, Германия, Япония

Е гуруҳи тақвими
23 ноябр

  • 18.00 Германия — Япония
  • 21.00 Испания — Коста-Рика

27 ноябр

  • 15.00 Япония — Коста-Рика
  • 00.00 Испания — Германия

1 декабр

  • 00.00 Япония — Испания
  • 00.00 Коста-Рика — Германия

Испания

Бир ярим йил муқаддам испанлар Европа чемпионати финалига чиқишига бир бахя қолганди — жамоа яримфиналда итальянларга фақат пенальтилар сериясида ютқазган. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам Луис Энрике шогирдлари фаворитлар қаторида, лекин жамоатчилик мураббийнинг барча қарорларини ҳам тўғри қабул қилмаяпти: сентябрда у Серхио Рамосни таркибга чақирмади, жаҳон чемпионати учун кенгайтирилган таркибдан эса Давид де Хеа тушиб қолди.

Аммо «МЮ» посбонисиз ҳам Испанияда машҳур номлар етарлича: Педри, Гави, Родри, Ферран Торрес, Дани Карвахал. Луиса Энрике жамоаси камида яримфиналга чиқиши керак — ундан олдинроқ турнирни тарк этиш фожиа сифатида қабул қилинади.

Луис Энрике ва Испания термаси футболчилари. Фото Global Look Press

Коста-Рика

Костарикаликлар жуда кам гол уради ва кам ўтказади. Бу мантиқий, Янги Зеландияга қарши ўтиш баҳсларида улар 1:0 ҳисобларида ғолиб бўлишди. Аммо Испания ва Германия билан бир гуруҳда мудофаага ўтириб ўйнаш қийин, қарши ҳужумлар уюштиришга ҳам тўғри келади. Лекин катта ёшли таркиб билан буни уддалаш имкони бўладими? Коста-Рика таркибидаги футболчиларнинг ярмидан ортиғининг ёши 30 дан ошган — улар қаторида Брайан Руис, Кейлор Навас, Хоэл Кэмпбелл ва Ельцин Техеда каби аввалги турнирларда иштирок этган футболчилар бор.

Костарикаликлар Япониядан очко олиши ва гуруҳ фаворитларига қарши ўйинларнинг маълум қисмида рақибларни қийнаши мумкин, аммо бу таркиб ЖЧ-2014 даги сенсацияни такрорлай олмайди — улар чоракфиналга чиқиши имконсиз.

Германия

Тўрт йил муқаддам немислар Йоахим Лев билан осон гуруҳдан ҳам чиқа олмаганди, бу сафар Германияни турнирга бошқа мураббий — Ҳанс-Дитер Флик олиб келди. Лекин эски муаммоларнинг барчаси ҳам ҳал бўлмаган: хусусан, Германияда тўпурар марказий форвард йўқ. Тимо Вернер жароҳат туфайли жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади, қолаверса, у мунтазам гол урадиган ҳужумчи эмасди.

Лекин немисларда бошқа линияларда кучли футболчилар бор: масалан, Томас Мюллер ва Мануэль Нойер, улар саккиз йил олдинги муваффақиятда асосий шахслардан бўлганди.

Германия термаси футболчилари. Фото Global Look Press

Япония

Японлар навбатма-навбат гуруҳда ёки 1/8 финалда иштирокини тўхтатади. Агар бу анъана сақланса, бу сафар осиёликлар плей-оффга чиқа олмаслиги керак. Ва бу реал ҳолат ҳам.

Хадзиме Мориясу иккита топ-рақиб билан бир гуруҳдан жой олди, қолаверса, жамоа энг яхши даврларидаги каби кучли формада эмас. Унинг етакчилари Такехиро Томиясу ва Такуми Минамино «Арсенал» ва «Монако»да асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчилари эмас, Такефуса Кубо эса «Реал Сосьедад» сафида деярли гол урмаяпти. Шу туфайли Японияни плей-оффда кўришни тасаввур қилиб бўлмайди.

F гуруҳи. Бельгия, Канада, Марокаш, Хорватия

F гуруҳи тақвими
23 ноябр

  • 15.00 Марокаш — Хорватия
  • 00.00 Бельгия — Канада

27 ноябр

  • 18.00 Бельгия — Марокаш
  • 21.00 Хорватия — Канада

1 декабр

  • 20.00 Хорватия — Бельгия
  • 20.00 Канада — Марокаш

Бельгия

Бельгияликлар ақл бовар қилмас даражадаги юлдузли таркиби туфайли қаторасига бир неча йирик турнирларда асосий фаворитлардан саналган. Аммо вақт ўтмоқда. Кевин Де Брюйне, Тибо Куртуа ва Эден Азар энди 30 ёшдан ошган, шундай экан, Қатардаги турнир уларнинг жамоа билан катта соврин ютиш учун охирги имконидир.

Ёш — Роберто Мартинес жамоасининг хавотир учун асосий сабаби. Ҳатто Ромелу Лукаку 29 ёшда.

Бельгиянинг устунлиги — улкан тажриба ва мотивацияда. Бу жаҳон чемпионатининг асосий фаворити эмас, аммо улар финалга чиқишса, ҳеч ким ҳайрон қолмайди.

Кевин де Брюйне. Фото Global Look Press

Канада

Шу йилга қадар Канада жаҳон чемпионатида фақат бир марта — 1986 йилда иштирок этган ва гуруҳдаги барча ўйинларни бирорта гол урмасдан ютқазган. Ҳозирда шимолий америкаликлар жамоасидан нафақат гол, балки ғалаба ҳам кутиш мумкин. «Бавария» ҳимоячиси Альфонсо Дэвис ва «Лилл» бомбардири Жонатан Дэвид жамоани ўз ортидан эргаштирмоқда ва уларнинг ҳаракатлари Канадага тарихдаги илк очколарни олиб келиши мумкин.

Тўрт йилдан кейин ўз уйида жаҳон чемпионатини қабул қиладиган канадаликлар плей-оффга чиқиши, турнирнинг сюрпризларидан бири бўлиши мумкин.

Марокаш

Тўрт йил муқаддам Марокаш термаси Испания ва Португалия билан бир гуруҳда плей-офф учун курашганди, аммо уларнинг бу сафарги имкониятлари ҳам яхши эмас. Августда Ваҳид Ҳалилҳожич ўрнига бош мураббийлик маҳаллий мутахассис Волид Реграгийга топширилди, у эса бу лавозимда фақат бир неча ўйин ўтказган.

Терма учун плюс — асосий юлдуз Ҳаким Зиёшнинг қайтиши бўлди, у Ҳалилҳожич билан муаммолар туфайли таркибдан четда қолаётганди. Аммо бу қанчалик фойда бериши аниқ эмас, ушбу яримҳимоячи «Челси»да жорий мавсумда деярли ўйнамаяпти ва гол урмаган.

Хорватия

Амалдаги вице-чемпионлар авлодлар алмашинувини оғриқсиз ўтказди ва жаҳон чемпионатига яхши спорт формасида етиб келди: Златко Далич жамоаси Миллатлар Лигасида ўз гуруҳида ғолиб чиқди, сўнгги тўрт ўйинда тўри ғалабага эришди. Лука Модрич ҳамон ҳужумларга дирижёрлик қилмоқда, Иван Перишич — у бошлаган ҳужумларни якунламоқда. 

Хорватияда гуруҳдан чиқиш учун яхши имконият ҳосил бўлган, аммо жамоа гуруҳдан чиқибоқ Испания ёки Германияга дуч келиши мумкин. Улар чоракфиналга ўтиши катта сўроқ остида.

Лука Модрич. Фото Global Look Press

G гуруҳи. Бразилия, Сербия, Швейцария, Камерун

G гуруҳи тақвими
24 ноябр

  • 15.00 Швейцария — Камерун
  • 00.00 Бразилия — Сербия

28 ноябр

  • 15.00 Камерун — Сербия
  • 21.00 Бразилия — Швейцария

2 декабр

  • 00.00 Камерун — Бразилия
  • 00.00 Сербия — Швейцария

Бразилия

ФИФА рейтинги етакчиси 20 йил ичидаги илк жаҳон чемпионатини ютишга тайёр. Бразилларда бунинг учун барча нарса бор — тажрибали ва кучли мураббий Тите, у жамоа билан олти йилдан буён ишламоқда, шунингдек ажойиб таркиб. Бунақаси камдан кам бўлади, аммо Бразилияда дарвозабонлар ҳам жаҳон даражасидаги юлдузлар — Эдерсон ва Алиссон.

Тиагу Силва Маркиньос билан мудофаа чизиғини бетонлайди, Каземиру — майдон марказини, ҳужумда эса иштиёқи ҳар сафаргидан юқори бўлган Неймар ҳаракат қилади. Бразилияда ҳашаматли ҳужум чизиғи жамланган — Габриэл Жезус, Мартинелли, Ришарлисон, Рафинья, Антони, Винисиус. Муаммо фақат бу юлдузлардан қайси бирини захира ўриндиғида қолишга кўндиришда. Агар жамоада ички муҳим билан барчаси жойида бўлса, Бразилия финалга етиб бориши тайин.

Неймар Бразилия термасидаги жамоадошлари билан. Фото Global Look Press

Сербия

Сербияда ҳам Бразилиядаги каби муаммо — мураббийлар штаби уч нафар кучли форвардга: Душан Тадич, Александар Митрович ва Душан Влаҳовичга бир вақтнинг ўзида майдондан жой топиб бериши керак. Уларнинг барчаси яхши формада ва доимий равишда терма жамоа учун гол уриб келишмоқда. Жамоа мудофаасидаги Драган Стойковичнинг ҳам ишлари жойида — уч марказий ҳимоячидан иборат схемада болқонликлар яхшироқ кўринади ва камдан кам ўйинларда гол ўтказишади.

Сербия жаҳон чемпионатида кўпчиликни ҳайрон қолдириши мумкин. Гуруҳ учун қуръа ва плей-офф йўли серблар чоракфиналдан умид қилишига ҳам имкон беради.

Швейцария

Тўрт йил муқаддам Гранит Чака ва Жердан Шақирий Сербия дарвозасига иккита феноменал голлар уришган ва швейцарлар бу жамоани гуруҳда қувиб ўтганди, ўшанда ҳам гуруҳда Бразилия бор эди ва кутилганидек биринчи ўринни олганди. Ҳозир ҳам вазият шунга ўхшаш, Швейцария яна Сербия билан иккинчи ўрин учун курашади. Аммо Чака юқори спорт формасида ва «Арсенал» билан АПЛда етакчилик қилаётган бўлса, Шақирий октябрдан буён ўйнамаган — унинг клуби «Чикаго Файр» МЛСдаги сўнгги ўйинни бир ой олдин ўтказган.

Швейцарияни собиқ футболчиси Мурат Яқин бошқармоқда. У ва дарвозабон Ян Зоммер — Швейцария саралаш турнирида Италияни ортда қолдириши учун асосий сабабчилар. Альп жамоаси яна бир грандни шокка сола оладими?

Камерун

Африка вакиллари қийин гуруҳга тушиб қолди ва гуруҳнинг яққол аутсайдери ҳисобланади. Аммо Ригобер Сонг жамоасида таркиб ёмон эмас: «Интер» дарвозабони Андре Онана, «Наполи» яримҳимоячиси Андре-Франк Замбо-Ангисса ва «Бавария» ҳужумчиси Эрик-Максим Шупо-Мотинг.

Камерунликлар жаҳон чемпионатига юқори спорт формасида етиб келишмади — сўнгги ойларда улар Ўзбекистон ва Экваториал Гвинеяга ютқазишди, шундай экан, африкаликлар Қатарда яхши натижалар кўрсатишига ишониш қийин.

Эрик-Максим Шупо-Мотинг. Фото Global Look Press

H гуруҳи. Португалия, Гана, Уругвай, Корея

H гуруҳи тақвими
24 ноябр

  • 18.00 Уругвай — Корея
  • 21.00 Португалия — Гана

28 ноябр

  • 18.00 Корея — Гана
  • 00.00 Португалия — Уругвай

2 декабр

  • 20.00 Корея — Португалия
  • 20.00 Гана — Уругвай

Португалия

37 ёшли Криштиану Роналду ўзининг бешинчи ва хайрлашув жаҳон чемпионатига «Манчестер Юнайтед»нинг захира футболчиси сифатида келди. Португалиялик футболчи имкон қадар узоқроққа бориш ва терма жамоалар миқёсида урилган голлар бўйича жаҳон рекордини янгилашни истайди.

Аммо Португалияда бошқа топ-футболчилар ҳам бор: Бруну Фернандеш, Бернарду Силва, Рафаэл Леау, Рубен Диаш, Жоау Канселу, Жоау Мариу. Бундай таркиб билан Фернанду Сантуш гуруҳдан чиқиши керак, аммо унинг кейинги йўлини тахмин қилиш қийин.

Криштиану Роналду. Фото Reuters

Гана

2010 йилда Ганани жаҳон чемпионати яримфиналидан пеналтидан биргина аниқ зарба ажратиб қолганди, аммо африкаликлар Уругвайга қарши афсонавий ўйинни бой беришганди. Энди бу жамоалар бир гуруҳдан жой олишган, Отто Аддо жамоасида гуруҳдан чиқиш учун ҳам имкониятлар юқори эмас.

Гана таркибида таниқлик футболчилар ҳам бор — масалан, ака-ука Жордан ва Андре Айю ёки Томас Парти. Бу йил терма жамоа таркиби спортча фуқаролигини ўзгартирган икки кучли футболчи билан кучайди, булар — Тариқ Лэмпти («Брайтон») ва Иньяки Уильямс («Атлетик» - у ўз клуби учун рекорд даражада - 246 ўйин ўтказган).

Аммо барибир Гананинг имкониятлари юқори эмас. Жамоада таркибга энди қўшила бошлаган янги футболчилар кўп. Африкаликлар жамоасига биргаликдаги ўйин амалиёти етишмаслиги турган гап.

Уругвай

Жанубий америкаликлар кутилмаганда узоққа бориши мумкин бўлган жамоалардан бири. Уругвай 2010 йилда бўлгани каби яна яримфиналга етиб бориши мумкин, фақат бунинг учун 12 йил олдин бўлгани каби плей-офф йўли осон бўлиши керак.

Жамоа яхши таркибга эга: фахрийлар ҳам (Луис Суарес, Эдинсон Кавани, Диего Годин), бугунги куннинг ёш юлдузлари ҳам (Федерико Вальверде, Дарвин Нуньес, Родриго Бентанкур) бор. Жароҳат туфайли жаҳон чемпионатига «Барселона» ҳимоячиси Рональд Араухо кела олмади ва Диего Алонсо штаби мудофаа ҳақида қайғуриши керак: жамао саралаш турнирида етарлича кўп гол қўйиб юборган.

Эдинсон Кавани ва Луис Суарес. Фото Global Look Press

Жанубий Корея

Кореяликлар ҳар бир жаҳон чемпионатида гуруҳ фаворитларидан биридан очко олишади, аммо ҳамиша ҳам плей-оффга чиқавермайди. Бу сафар осиёликлар вакилларида кузир бор — жаҳон футболи юлдузларидан бири ва Англия чемпионатининг ўтган мавсуми тўпурари Сон Хин Мин. «Тоттенҳэм» форварди бу мавсумда барқарор ўйин намойиш эта олмаяпти, яқинда эса кўзи атрофидан жароҳат олди. Лекин жаҳон чемпионатида Корея жамоаси сардори ўйнаши кутилмоқда.

Агар Сон турнирдаги ўйинларда майдонга туша олмаса, Паулу Бенту жамоаси улкан муаммоларга тўқнашади — Корея кўп гол ура олмайди ва форвард етишмовчилигидан қийналади.

Мавзу
Қатар-2022
20 ноябр куни Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.
Барчаси
Top