Иқтисодиёт | 13:54 / 21.11.2022
36481
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қолдиғи 29 ойлик минимумгача камайди

Ўзбекистоннинг ялпи халқаро захиралари 2022 йилнинг бошидан бери 2,82 млрд долларга ёки 8,04 фоизга камайиб, жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 32,3 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бунга жаҳон молия бозорида олтин котировкалар нархининг пасайиши жиддий таъсир кўрсатган.

Фото: Getty Images

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 32,3 млрд долларни ташкил қилган. Охирги марта бундан камроқ минимал қолдиқ 2020 йил май ойи якунлари бўйича кузатилган эди – 31,99 млрд доллар. 

Таққослаш учун, олтин-валюта захиралари 2022 йил 1 январь ҳолатига 35,1 млрд доллар, 1 октябрь ҳолатига кўра эса 33,4 млрд доллар бўлган. 

Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 1 млрд 180,5 млн долларга камайганини кўрсатмоқда.

Октябрь ойи давомида олтиннинг физик ҳажми сезиларли миқдорда: 12,5 млн троя унциядан 12,8 млн троя унцияга ( тахминан 9,33 тонна), қиймати эса 20, 97 млрд доллардан 21 млрд долларга ошган.

Ўз навбатида, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 11,5 млрд доллардан 10,3 млрд долларга ёки 1 млрд 213 млн долларга камайган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, валютадаги захираларнинг кескин даражада камайиши кўпроқ импортнинг фаоллашуви ва долларнинг мустаҳкамланиши омилларига боғлиқ. 

«Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 2,82 млрд долларга ёки 8,04 фоизга камайди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1638,85 долларгача пасайишининг таъсири 2,06 млрд долларни ташкил қилди», дейилади Марказий банк изоҳида.

Олтин нархининг арзонлашиши ортидан Ўзбекистон Марказий банки март ойидан бери ушбу қимматбаҳо металл экспортини амалга оширмаяпти.

Мавзуга оид