20:46 / 22.11.2022
8289

Россия ва Беларус чегарасида НАТО ҳарбий машғулотлари бошланди 

Полшанинг Россия билан Беларус чегарасида НАТО Bull Run-19 қўшма машғулотлари бошланди. 

Фото: radio5.com.pl

Полшада анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиладиган НАТО билан Bull Run-19 қўшма тактик ҳарбий машқлари бошланди. 

Қайд этилишича, манёврлар Россиянинг Калининград вилояти билан чегарадош бўлган Варминско-Мазурск воеводаси ва Беларус билан чегарадош Подляск воеводасида ўтказилади. 

22-24 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган тадбирларда Полшада жойлашган Шимолий Атлантика алянсининг 15-сонли Гижицк механизациялашган бригадаси ва батальон жанговар гуруҳи аскарлари иштирок этади. 

«Аскарлар алоқа тизимларини текширади, рельеф ва йўлларнинг хусусиятлари билан танишади. Машқлар таҳдидли вазиятда иттифоқчи кучлар хавфсизликни таъминлаш ва тажовузни тўхтатиш учун қандай ҳамкорлик қилинишини синаб кўриш учун мўлжалланган», - деди бригада штаб бошлиғи вазифасини бажарувчи подполковник Пиотр Полбратек. 

Манёврларнинг мақсади Полша ва иттифоқчи қўшинларнинг ушбу ҳудудлардаги фаолияти самарадорлигини оширишдир. Ҳарбий техника колонналарининг белгиланган ҳудудларга фаол ҳаракатланиши кутилмоқда. 

6 ноябр куни Полшанинг жануби-шарқидаги Нова-Демба шаҳрида НАТО давлатлари иштирокида Puma-22 ҳарбий машқлари бошланган эди. Унда Чехия, Словакия, Венгрия, АҚШ ва Буюк Британиядан 2 мингга яқин ҳарбий хизматчи ва 300 дона техника иштирок этди. Манёврлар 9 ноябргача давом этди. 

Top