Жаҳон | 07:14 / 22.11.2022
8350
3 дақиқада ўқилади

Украинада электр таъминотидаги узилишлар мартгача давом этиши мумкин

Энергетикларнинг Россия ўққа тутиши натижасида етказилган зарарни бартараф этишга уринишларига қарамай, украиналиклар март ойининг охиригача электр таъминотида узилишлар билан яшашига тўғри келади, дея хабар беради YASNO Украина энергетика компанияси.

Фото: AP

Украинада доимий электр ўчиришлар катта эҳтимол билан март ойининг охиригача давом этади, деди 21 ноябрь, душанба куни Украинанинг электр ва газ етказиб берувчи YASNO ширкати раҳбари Сергей Коваленко.

У Facebook'даги саҳифасида ёзганидек, ҳозирда Украина энергетикаси ёмон об-ҳавога қарамай, Россия зарбаларидан жабр кўрган электр тармоқларини тиклашни янада қаттиқроқ совуқ ҳаво бошланишидан олдин якунлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда. Шунга қарамай, 21 ноябрь куни ҳам барқарорлаштириш, ҳам фавқулодда ўчиришга яна мурожаат қилиш керак бўлди.

«Ҳозир ўчиришлар камайган бўлса-да, мен ҳамма украиналиклар март ойи охиригача узилишлар режимида яшаши кераклигини тушунишини истайман», — деди Коваленко. Унинг сўзларига кўра, агар Россия ўққа тутилиши тўхтаса, электр тақчиллиги бутун мамлакат бўйлаб тақсимланиши мумкин бўлади, ўшанда ўчиришлар камроқ бўлади ёки ҳатто бутунлай тўхтайди.

Аммо агар зарбалар давом этса ва энергия тизими яна шикастланса, «нафақат соатлик барқарорлаштиришни тўхтатиш, балки фавқулодда ўчиришларни ҳам қўллаш керак бўлади, бунинг натижасида электр энергияси жуда узоқ вақт давомида бўлмаслиги мумкин», деб огоҳлантирди етказиб берувчи компания раҳбари.

Ўша куни кечқурун Володимир Зеленский анъанавий кечки видеомурожаатида Украина халқини «Россия террорчиларининг ҳужумлари натижасида энергетика соҳасига етказилган катта тизимли зарар» туфайли электр энергиясини тежашга чақирди. Россия ҳужумларидан зарар кўрган Украина электр тармоғи беқарорлигича қолмоқда, деди Зеленский. Мамлакатда режасиз узилишлар юз беряпти.

Аввалроқ, 19 ноябрь куни Германияда маҳаллий электр таъминотида узилишлар бўлиши эҳтимоли ҳақида баёнот берилганди. «Биз қишда блэкаутлар бўлади деб тахмин қилишимиз керак», деди Welt am Sonntag ҳафталик газетасига берган интервьюсида Жамоатни муҳофаза қилиш ва табиий офатларга ёрдам бериш федерал бошқармаси (BBK) раҳбари Ралф Тислер. Бу фақат минтақавий ва чекланган вақтдаги электр узилишлари, деди Тислер. Уларнинг хавфи 2023 йил январь ва февраль ойларидан ортади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид