ЕХҲТ Қозоғистонда ўтган президентлик сайловларини танқид қилди
ЕХҲТ миссияси Қозоғистонда мустақил номзодларнинг сайловда қатнашиши тақиқлангани, сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ўтказиш имконияти чекланганига ишора қилган.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг навбатдан ташқари президентлик сайловларини кузатувчи миссияси Қозоғистонда ўтказилган сайловолди кампанияси ва овозларни санаш жараёнини танқид қилди. Бу ҳақда 21 ноябрь, душанба куни Остонадаги матбуот анжуманида миссия раҳбари Урсула Гацек маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ўз зиммасига олган мажбуриятларга қарамай, фуқароларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштироки чекланганича қолмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистонда мустақил номзодларнинг президентликка сайланишини амалда тақиқлагани, бу халқаро стандартларга зид экани қайд этилди.
Умуман олганда, ЕХҲТ миссиясида ўтказилган президентлик сайловлари рақобатсиз деб аталди. «Плюрализмнинг йўқлиги бу сайловларда рақобатга путур етказишда муҳим роль ўйнади, сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ўтказиш имкониятларини чеклаш танқид учун майдонни торайтирди», деди Гацек. У, шунингдек, овозларни санаб чиқиш жараёнининг шаффоф эмаслигига эътибор қаратди, бу эса сайловчилар танловининг ҳалоллигига шубҳа уйғотади.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси ҳисоботини «нохолис» деб атади. «Баёнотдан ЕХҲТ ДИИҲБга хос бўлган бир қатор қолиплашган ва нохолис хулосалар ўрин олган бўлиб, улар мамлакатимизда қонун устуворлигига асосланган ривожланган жамият қуришга тўлиқ ишонч йўқлигини кўрсатади», — дейилади ТИВ хабарида.
Вазирликнинг таъкидлашича, ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг ҳисоботи ўз мазмунига кўра «Қозоғистон расмийлари билан узоқ муддатли ва конструктив ҳамкорликни ривожлантириш истаги йўқлигидан далолат беради, бу шубҳасиз эътиборга олинади».
Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Кристоф Бургер DW мухбирининг Германия ҳукумати Қозоғистонда ўтказилган навбатдан ташқари президентлик сайловларини адолатли, эркин ва демократик стандартларга мувофиқ ўтган деб ҳисоблайдими, деган саволига шундай жавоб берди: «Мен билишимча, ЕХҲТнинг кузатувчилар миссияси фаолият юритмоқда. Менимча, улар бу ҳақда гапиришганда, биз кутишимиз керак».
Бир кун аввал Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 81,3 фоиз овоз тўплади. Мамлакат МСК раҳбари Нурлан Абдиров сайловда овоз берувчиларнинг 70 фоизи қатнашганини айтди.