Жаҳон | 09:17 / 23.11.2022
14498
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Украинадаги уруш ғарб арсеналларини тугатмоқда

Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ учун Украинага ҳарбий ёрдам сифатида етказилган ўқ-дорилар ва техника захираларини тўлдириш қийин, деб ёзади Франциянинг Le Monde нашри. Россияда ҳам худди шундай муаммолар мавжуд.

Фото: Getty Images

Украинага етказилаётган катта ҳажмдаги ҳарбий ёрдам Ғарб давлатларининг, жумладан, АҚШнинг ўз ҳарбий арсеналларини сезиларли даражада тугатди, деб ёзади 22 ноябрь, сешанба куни Франциянинг Le Monde нашри. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу захираларни тўлдириш осон бўлмайди ва ҳарбий ёрдам таъминотини сақлаб қолиш учун муҳим захиралардан фойдаланиш керак бўлиши мумкин.

Эълон қилинган материалда қайд этилганидек, Украинадаги уруш «юқори шиддатли» можародир. Ҳарбий ҳаракатлар чўққисида Россия ва Украина қўшинлари кунига мос равишда 60 минггача ва 20 минггача снарядларни отишди, кейин бу кўрсаткич кунига 20 минг ва етти минггача камайди - бу Пентагоннинг ҳисоб-китоблари.

Le Monde нашрининг ёзишича, Қўшма Штатлар Украинага жами ёрдамнинг учдан икки қисмини ажратган, жумладан, 24 февралдан бери Вашингтон Киевга миллиондан ортиқ снаряд ва 50 мингга яқин танкка қарши ракета юборган. Улар орасида 8500 дан ортиқ Javelin танкка қарши ракета тизимлари (ТҚРТ) ва 1600 га яқин Stinger зенит ракеталари мавжуд бўлиб, улар Американинг ўз захираларининг учдан бир қисмини ташкил қилиши мумкин. Ҳарбий ёрдамнинг бундай кўлами ҳатто АҚШда ҳам асосий қурол захиралари тугашига олиб келяпти.

Oryx маълумотларига кўра, Россия Украинага бостириб кирганидан бери камида 1500 танкини йўқотди, бу унинг ўзи арсенали ярмига яқини. Натижада, Россия томони снарядлар, учувчисиз учоқлар ёки ракеталар учун Эрон ва Шимолий Кореяга мурожаат қилишга мажбур, дея таъкидлайди Le Monde.

Ўша куни Россия Эрон ва Шимолий Кореядан ўз таъминотини тўлдириш учун ёрдам сўрагани ҳақида АҚШ Мудофаа вазирлиги маълум қилди. «Бу унинг заифлигини аниқ кўрсатиб турибди ва унинг дунёда қанчалик яккаланиб қолганини аниқ билдиряпти», деди Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид