Ўзбекистон | 08:37 / 23.11.2022
7809
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри туманларини ривожлантириш бўйича штаб тузилди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар вазири Жамшид Хўжаев раҳбарлигида видео-конференц-алоқа воситасида Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича ҳукумат комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Унда Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари раҳбарлари, Яшнобод, Бектемир, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманлари ҳокимлари, улар ўринбосарлари ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Учрашув давомида Тошкент шаҳар туманларига бириктирилган масъул раҳбарлар ҳисоботлари тингланди. Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий бюджетлар даромад манбаларини кенгайтириш, жамоат транспорти ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳасидаги хизматлар сифатини ошириш, «темир», «аёллар» ва «ёшлар» дафтарлари»га киритилганларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бош штабни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Туман ҳокимликларида тезкор штаблар ташкил этилиб, уларга туман ҳокимлари раҳбарлик қилади. Улар вазифалари сирасига вазиятни ўрганиш ва ҳудудларни янада ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича тизимли таклифларни ишлаб чиқиш киради.

Йиғилиш якунлари бўйича тегишли баённома қабул қилинди, унинг ижросини назорат қилиш Бош прокуратура томонидан олиб борилади.

Мавзуга оид