Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада Ҳинд-Тинч океани минтақаси учун ўз стратегиясини эълон қилди
Оттава Ҳинд-Тинч океани минтақасига сармоя киритиш учун тахминан 2,3 миллиард Канада доллари ажратади. Янги стратегияда асосий эътибор Хитой билан муносабатларни ривожлантиришга қаратилган.
Канада ҳукумати Ҳинд-Тинч океани минтақаси учун янги иқтисодий ва дипломатик стратегияни эълон қилди ва минтақага сармоя киритиш учун деярли 2,3 миллиард Канада доллари (1,65 миллиард евро) ажратди. Ҳужжат 27 ноябрь, якшанба куни мамлакат ҳукумати сайтида эълон қилинди.
«Ушбу стратегия келгуси ўн йилликда Ҳинд-Тинч океани минтақасида фаолиятимизни чуқурлаштириш, минтақавий тинчлик ва хавфсизликка қўшган ҳиссамизни ошириш, иқтисодий ўсиш ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли йўл харитасини тақдим этади», — дейилади тавсифда.
Минтақада киберхавфсизликни ривожлантириш, унда Канада ҳарбий-денгиз кучларининг мавжудлигини кучайтириш ва Канада Қуролли кучларининг минтақавий ҳарбий машғулотларда иштирокини ошириш учун 540 миллион долларга яқин маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
240,6 миллиони минтақадаги савдо ва сармояни кенгайтиришга, 750 миллиони FinDev Canada ташаббуси доирасида хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилади.
Стратегиянинг муҳим қисми Канаданинг Хитой билан муносабатларини ривожлантиришга бағишланган бўлиб, ҳужжатда «борган сари бузғунчи қудратли давлат» деб номланади. «Хитой халқаро тартибни бизникига тобора қарама-қарши бўлган манфаатлар ва қадриятлар учун янада қулай муҳитга айлантиришга интилмоқда», — дейилади стратегияда.
Ҳужжатда «Хитойнинг катталиги ва таъсири иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, глобал саломатлик ва ядро қуроли тарқатилиши каби дунёнинг баъзи экзистенциал муаммоларини ҳал қилиш учун ҳамкорликни муҳим қилиши» ва Хитой иқтисодиёти «Канада экспортчилари учун муҳим имкониятлар» тақдим этиши эътироф этилади.
«Канада ҳар доим ўз миллий манфаатларини муросасиз ҳимоя қилади. Бизнинг Хитойга муносабатимиз бугунги Хитойни реал ва ҳушёр баҳолашга асосланади. Чуқур бўлинишлар мавжуд бўлган ҳудудларда биз Хитойга қарши чиқамиз», - дейилади стратегияда.
Reuters таъкидлаганидек, бош вазир Жастин Трюдо ҳукумати кўп жиҳатдан АҚШга қарам бўлган савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга интилмоқда. Мамлакатнинг ўзаро савдо айланмасининг 68 фоизи Қўшма Штатлар ҳиссасига тўғри келади, Хитойга эса бор-йўғи 7 фоизга тўғри келади, деб ёзади Reuters.