Ўзбекистон | 11:47 / 29.11.2022
21235
7 дақиқада ўқилади

8,4 млрд сўмлик платформа: Маҳаллабай ишлаш агентлиги нима дейди?

“Online Mahalla” платформаси учун бюджетдан ажратилган маблағ миқдори ва уни ишлаб чиққан ташкилот тендерсиз танлаб олингани жиддий танқидларга учради. Kun.uz мухбири агентликда бўлиб жамоатчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Онлайн маҳалла” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм ажратгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Kun.uz бу ҳақда 24 ноябр куни мақола эълон қилишидан аввал агентлик матбуот хизмати билан боғланиб изоҳ сўраган, агентлик вакили бу борада муносабат тайёрланаётганини айтиб, саволларга жавоб бермаганди. Бироқ ҳалигача (29 ноябр ҳолатига) агентлик расмий саҳифаларида бу борада ҳеч қандай муносабат эълон қилинмади. 

Kun.uz Маҳаллабай ишлаш агентлигида бўлиб, агентликнинг интерактив хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Отажоновга саволлар билан юзланди.

– “Online Mahalla” ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун агентлик ва “Realsoft” МЧЖ ўртасида тендер ўтказмасдан шартнома тузилган. Нима сабабдан қонун талабларига риоя этилмади?

– Қонун талабларига риоя этилмади деб айтиш нотўғри, биринчидан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасига асосан, айрим ҳолатлар бор, тендер ўтказмаслик керак. Улар ҳукумат қарорлари, ҳукумат томонидан чиқарилган “фармойиш”, “қарор” “фармон”лар – мана шу 3 параметрда чиққан қонунчилик ҳужжатлари учун тендер ўтказмаслик мумкин. Чунки тўғридан тўғри (шартнома) тузилиши мумкин бўлади. Шуни тушуниш керак, бирламчи текширув органи бор – бу бизда Молия вазирлиги, унинг алоҳида текширув дастури бор. Дастур доирасида агар биз нотўғри ҳужжатлар киритган бўлсак, ёки нотўғри иш юритган бўлсак, у бизнинг пулимизни ҳам, тўғридан тўғри шартномамизни ҳам ўтказмайди.

“Online Mahalla” бўйича қизиқтирган саволлар юзасидан алоҳида брифинг ташкил қилинади, унда барча мутасадди ташкилотлар, зарур ҳолда “Realsoft” МЧЖнинг масъуллари ҳам иштирок этади.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги интерактив хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Отажонов. Фото: Kun.uz

– Буни “Realsoft”  компанияси ҳукуматга яқин бўлгани учун танлаб олинган деб тушунсак бўладими?

– Йўқ, бу нотўғри тушунча. Президентнинг 62-сонли қарори 10-бандида “Online Mahalla” платформаси 1 ой муддатда ишга туширилсин дейилган. Бир ой муддатда агар қўшимча равишда ҳукумат қарори бўлмайдиган бўлса, тендер ўтказиш 45 кун вақт давом этади. Бу дегани амалга ошиши керак бўлган давлат сиёсати тўхтаб туради, шуни инобатга олган ҳолда, Президент қарори чиққач уни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқади. Уни на биз ва на бошқа ташкилот амалга оширмайди. Уни тузмайди, ёзмайди, чизмайди – Вазирлар Маҳкамаси томонидан қандай қарор қабул қилинса, шу қарорга асосан чиқиб келади.

– Ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва унга техник хизмат кўрсатиш учун қайси асосларга кўра 8,4 млрд сўм маблағ ажратилди? Кафолатли хизмат кўрсатиш учун 325 иш куни давомида 45 нафар ишчи нима иш қилади?

– Ўзингиз учун қизиқиб туриб, 2021 йил декабр ойидан ҳозирги кунга қадар ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни текшириб кўринг: ҳоким ёрдамчисига 30дан ортиқ вазифа юклатилган. Ҳар биттаси “Online Mahalla” платформаси орқали ўтиши белгиланган. Сабаби коррупцион ҳолатнинг олдини олиш ва шаффофликни таъминлаш. Ҳоким ёрдамчиси амалга ошириши керак бўлган ҳар бир вазифа электрон бўлиши белгилаб қўйилган. Шуни инобатга олган ҳолда, агар биз ўша тизимни биттада яратиб қўйиб, ҳар сафар такомиллаштиришимиз керак бўлса, бизда қийинчилик бўлиши мумкин. Шунинг учун ёзилганки, (платформанинг) базавий структураси, яъни белгиланган 13 модул яратилди. Аммо ҳар бир йўналиш бўйича ҳоким ёрдамчисининг фаолиятини мониторинг қилиш, керакли маълумотни керакли ҳолатда етказиб бериш учун жами 26та модул бор. Шунчаки, бу сайт кўринишида турибди, аммо базанинг ички қисмини кўтарадиган бўлсангиз, унда 26та модул фақат ҳоким ёрдамчиларига хизмат кўрсатувчи модуллар. Умумий оладиган бўлсак, 30дан ортиқ модули бор, ундан ташқари 35дан ортиқ давлат ташкилотларига интеграция (масаласи) турибди.

“Realsoft” МЧЖ, шартномага мувофиқ, 2 йил давомида ишлаб бериши керак, бу давр мобайнида белгиланган такомиллаштириш, белгиланган модулни яратиш, интеграцияни бажариш мажбуриятини бўйнига олган. Энди ўша 8,4 млрд сўмни иккига бўласиз, ҳар йилга 4,2 млрд сўмдан тўғри келади. Буни яратди, шу билан тугади деб ўйламанглар, буни амалга оширишнинг катта цикли бор.

– Нима сабабдан, лойиҳанинг бозор баҳосини ҳисоблаш учун зарур бўлган техник топшириқ очиқланмади? 

– Техник топшириқ очиқланмаганининг сабаби бу биз ва “Realsoft” ўртасида тузилган шартноманинг ички ҳужжат ҳисобланишидир. Айтганимдек, техник топшириқни брифингда очиқ манбага қўйиб берамиз. Ундан муаммо бўлмайди, бу ёпиқ нарса эмас. Ҳаммага етказиб берамиз, нафақат Kun.uz. Фақат бир томони борки, техник топшириқда 13та модул белгиланган, 13та модул белгиланган вақт 1 ой муддатда (платформа) ишга туширилиши керак эди. Ундан кейинги 17та модул ҳали инобатга олинмаган эди. Агар Президент қарори 2021 йил декабр ойида чиққан бўлса, бизга январ ойида платформани тугатиш вазифаси юкланди. Аммо ундан кейин март ойида ҳоким ёрдамчиларига янги вазифалар юкланди. Январда 10та модул битди. Аммо фуқароларда нотўғри фикр пайдо бўлмасин, 13та модулни қилиб туриб 8,4 млрд сўмлик иш қилди деган хаёл бўлмаслиги учун бу маълумотлар ҳали берилмади. Айтганимдек, қизиқтирган савол ва маълумотлар брифингда яна берилади. 

Агентлик масъули ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун сарфланган маблағнинг батафсил изоҳи ва платформанинг бозор баҳосини ҳисоблаш учун зарур бўлган “техник топшириқ” очиқланишини маълум қилди. Демак, матбуот анжуманида бу саволларга жавоб берилишини кутиб қоламиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид