Ўзбекистон | 13:03 / 01.12.2022
26580
3 дақиқада ўқилади

Олмазорда “участкавой” оилавий можаро бўйича чақирув вақтида пичоқланган

Профилактика инспектори ярим тунда оилавий можаро юзасидан чақирув жойига етиб борганида, аёлнинг эри уни 2 марта пичоқ уриб ўлдирган. Аввалроқ ИИВ бошқарма бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz билан суҳбатда ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиш ва жароҳат етказиш ҳолатлари йилдан йилга кўпаяётганини айтганди.

Тошкент шаҳар Олмазор туманида ўлдириб кетилган профилактика инспектори катта лейтенант Н.Бобомуротов оилавий можаро туфайли Ғалаба маҳалласига чақирилган. Чақирув бўйича борган ИИБ ходими машинада ўтирган вақтда аёлнинг эри 2 марта пичоқ уриши натижасида ходим вафот этган.

Бу ҳақда бугун, 1 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ масъули, полковник Ҳамза Махсумов маълум қилди.

Аввалроқ, 30 ноябрь куни Тошкентнинг Олмазор туманида хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходими соат 00:50 ларда ўлдириб кетилгани хабар берилган эди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида шу куни Н.Бобомуротовнинг ҳаётига тажовуз қилган эркак қўлга олинди. 30 яшар эркак чора кўриш учун процессуал тартибда прокуратура органларига топширилган.

Тошкент шаҳар прокуратураси ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан жиноят иши қўзғатган.

Бундан бир йил олдин ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервюсида ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиш ва жароҳат етказиш ҳолатлари йилдан йилга кўпаяётганини айтганди.

“Тунги соат учда, ҳаммамиз ухлаётган вақтда ички ишлар идорасига “Эрим ичиб келиб мени уряпти, ёрдам беринглар”, деган хабар тушади. Энди кўз олдингизга келтиринг. Вақт алламаҳал, профилактика инспектори шу хабар асосида айтилган манзилга боради. Тўғри, унинг табель қуроли бордир, дубинкаси бордир, кишани бордир. Лекин олдинда уни нима кутаётганини билмайди. Бизнинг хатомиз ҳам – шу.

Тунги вақтда бунақа чақирувлар жуда кўп. Одатда чақирув келиб тушган профилактика инспекторлари ёнида ёшроқ ёрдамчиси билан ёки шериги билан чақирув келиб тушган хонадоннинг эшигини тақиллатади. Кўпинча бундай чақирувларга борадиган ходимлар жанжаллашаётган эр-хотинни ажратаман-у қайтаман деб ўйлашади. Лекин ортига қайтмаган ходимларимиз бор. Ногирон бўлиб қолганлари бор. Чунки уларни ҳар доим ҳам бир хил ҳолат кутиб турмайди. Пичоқ ёки қурол билан қуролланган зўравонга дуч келиб қолишлари ҳам мумкин. Лекин профилактика инспекторлари шундай пайтда қочиб кетди деган гапни бирор марта эшитганмисиз?” деганди Бахтиёр Бердиалиев.

ИИВ расмийсига кўра, ички ишлар ходимлари 2018 йилда 146 марта, 2019 йилда 163 марта, 2020 йилда 186 марта, 2021 йилнинг 5 ойида 94 марта хизмат вазифасини бажариш чоғида қаршиликка учраган ва ҳаёт учун хавфли жароҳат олишган.

Мавзуга оид