16:21 / 02.12.2022
6424

АЭХА йил охиригача ЗАЭС муаммоси ҳал этилишига умид қилмоқда

Фото: AP

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) жорий йил охиригача Россия Федерацияси ва Украина билан Запорижжя атом электр станциясида (ЗАЭС) хавфсизлик зонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришишга умид қилмоқда. Бу ҳақда АЭХА бош директори Рафаэл Гросси айтиб ўтди

«Мен вазиятга имкон қадар тезроқ ечим топишга интиламан. Умид қиламанки, йил охиригача», - деди Гросси Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида. 

Шу билан бирга, у Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Володимир Зеленский билан учрашиш мумкинлигини истисно этмади. 

«Бизнинг мақсадимиз – у ёки бу томонга фойда келтирадиган ҳарбий вазият яратмаслик, ядровий авариянинг олдини олиш», — деди Гросси.

Бундан олдин Запорижжя вилоятидаги Энергодар шаҳри оккупацион ҳокимияти Россия қўшинларининг шаҳардан олиб чиқилиши ҳақидаги маълумотни рад этганди. 

Запорижжя атом электр станцияси Россия назорати остида қолмоқда, деб маълум қилди Энергодар «маъмурияти». 

Бундан ташқари, баёнотда ЗАЭС учун захира қувват манбасини яратиш, Энергодар аҳолисини иссиқлик билан таъминлаш учун иккита энергоблокни иссиқ ўчириш режимига ўтказиш бўйича ишлар ва ходимларни Россия бошқарув ташкилоти юрисдикциясига ўтказиш режаларига ишора қилинган.

Киев куни кеча рус қўшинлари ЗАЭСдан яқинда олиб чиқилиши эҳтимоли борлигини билдирганди.

Top