Жамият | 12:14 / 04.12.2022
23641
2 дақиқада ўқилади

Битта уйдан кунига 100 та маҳсулот: Андижондаги кўрпачилар маҳалласи

Андижон тумани “Завроқ” МФЙ кўрпачилар маҳалласи номи билан танилган. Маҳалладаги кўплаб хонадонлар кўрпа-тўшак тайёрлаш билан шуғулланади. Йўл бўйида эса тайёр маҳсулотларни сотиш учун қатор дўконлар қурилган.

Бир хонадондан кунига ўртача 100 дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

“Завроқни ҳунармандлар маҳалласи ҳам деб айтишади. Машинага чиққанда: “Кўрпа-тўшак қиладиган маҳаллага олиб бориб қўйинг” десангиз, дарров тушунишади.

10 кишини иш билан таъминлаганмиз – улар маҳалладаги уюшмаган ёшлар, келинлар, аёллар. Ярим тайёр маҳсулотларни харид қилиб, уни қайта ишлаб, аҳолига, четга тайёр маҳсулот қилиб берамиз”, – дейди тадбиркор Муқаддас Ҳожиматова.

Ҳозирда кўрпа-тўшаклар ички ва ташқи бозорда сотилмоқда. Ташқи бозорлар – Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия.

“Ўзим шартнома асосида ўқийман. Шартнома пулимни ўзим тўлайман. Ўзимнинг харажатларимни ҳам қоплайман. Умумий ҳисобда кунига 100-150 та маҳсулот чиқарамиз.

Ҳамма ишнинг ўзига хос машаққати бўлади. Меҳр билан иш қилсангиз, машаққати ҳам сезилмайди”, – дейди ёш тадбиркор.

Бир кунда 100 та маҳсулот тайёрланса, ўртача 2 миллион фойда кўрилади. Ҳозирда маҳсулотлар экспортини кенгайтириш режа қилиняпти.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид