Жаҳон | 08:47 / 05.12.2022
7286
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия қўшинларининг баҳоргача кучайиш имкониятига шубҳа қиляпти

Украинадаги жанговар ҳаракатлар фаоллиги пасайиб бормоқда ва ҳар икки томон ҳам баҳорга бориб тикланади, Украина буни муваффақиятлироқ амалга оширади, деб ҳисоблайди АҚШ разведкаси.

Фото: Nanna Heitmann/The New York Times

Россия ва Украина кучлари совуқ об-ҳаво бошланиши билан жангларни секинлаштирди ва баҳоргача қайта жиҳозлаш, таъминлаш ва қайта тиклаш имкониятларини қидирмоқда, деб хабар берди АҚШ Миллий разведкаси. Шу билан бирга, разведка Россия кучлари март ойида тўқнашувларнинг қайта тикланишига етарли даражада тайёр бўлишига «шубҳа билан қарайди», деди идора бошлиғи Эврил Хейнс 4 декабрь, якшанба куни.

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин Украинадаги Россия қуролли кучларининг муваффақиятсизликка учраган ҳаракатларидан «ҳайрон бўлган». «Ҳақиқатан ҳам у (Путин) Россия ҳарбийлари дуч келаётган муаммолардан тобора кўпроқ хабардор бўлиб бормоқда, деб ўйлайман», - деди Хейнс.

Россия армияси Украинада ўқ-дориларни Россия мудофаа саноати ишлаб чиқара оладиганидан кўра тезроқ ишлатмоқда, деди Хейнс.

«Мен сизга аниқ рақамларни айта олмайман. Лекин Россия жуда тез ўқ-дориларни исроф қилмоқда. Яъни, бу жуда ғайриоддий. Бизнинг фикримизча, улар ўзлари сарфлаган нарсаларини мустақил ишлаб чиқаришга қодир эмаслар. Демак, бу қийин вазифа бўлади», деди Хейнс.

Америка разведкасининг фикрича, ўқ-дориларни истеъмол қилишнинг бундай юқори даражаси Кремлни Шимолий Корея ва Эрондан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур қилмоқда. Хейнснинг сўзларига кўра, КХДР томонидан кўрсатиладиган ёрдам миқдори чекланган, бироқ разведка буни диққат билан кузатишда давом этмоқда. «Биз қандайдир ҳаракатни кўрганимизни кўрсатдик, аммо бу босқичда у кичик эди», деди у. Ноябрь ойида Пентагон Украинадаги уруш пайтида Россия кунига 20 мингтагача артиллерия ўқларини отганини даъво қилганди.

Мавзуга оид