Германия яқин ҳафталарда украиналик қочқинларнинг янги тўлқинини кутмоқда
Қаттиқ совуқлар бошланиши билан Украина энергетика иншоотларининг Россия томонидан вайрон қилингани сабабли Европа янги қочқинлар тўлқинини кутмоқда.
Германия федерал ҳукумати яқин ҳафталарда Украинадан Германияга келаётган қочқинлар сонининг кўпайишини кутмоқда, деди Германиянинг Буюк Британиядаги элчиси Мигел Бергер 4 декабрь, якшанба куни Sky News телеканалига берган интервьюсида.
«Путин Украина аҳолисини террор қилишда давом этмоқда. Энергетика инфратузилмасига қилинган бу ҳужумлар совуқ ҳавони ҳисобга олган ҳолда кўп одамлар Украинани тарк этишга мажбур бўлишини англатади. Яқин ҳафталарда қочқинларнинг янги тўлқинини кутмоқдамиз», - деди Бергер. Унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати Кремлнинг можарони яқин келажакда дипломатик йўл билан ҳал қилишга рози бўлишга тайёрлигини кўрмаяпти.
Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Германияга бир миллиондан ортиқ украиналик келган — бу Европадаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Bild am Sonntag маълумотларига кўра, фақат Полша кўпроқ қочқинларни қабул қилган (1,5 миллион киши).
Октябрь ойидан бошлаб, бир қатор чекиниш ва қўшинларини эгаллаб олинган минтақалардан олиб чиқиб кетишдан сўнг, Россия Украинанинг фуқаролик инфратузилмасини фаол равишда ўққа тута бошлади. Мудофаа вазири Олексий Резниковнинг сўзларига кўра, ўтган тўққиз ой ичида Россия Украинага 16 мингдан ортиқ ракета зарбалари берди, уларнинг 97 фоизи фуқаролик нишонларига тўғри келди.
Кремлнинг тушунтиришича, Украина ҳукумати Россия талабларини бажарса, «тинч аҳолининг барча мумкин бўлган азоб-уқубатларини тўхтата олади». Киев Россиянинг ҳаракатларини терроризм деб атаяпти. Шу фонда, ноябрь ойи охирида Европа Иттифоқи парламенти Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олган резолюцияни қабул қилди.
НАТО Парламент ассамблеяси ҳам резолюция қабул қилди, унда альянсга аъзо давлатлар ҳукуматлари ва парламентлари «ҳозирги режим остидаги Россия давлати террорчи давлат эканлигини аниқ таъкидлаб ўтишга» чақиради. Худди шундай резолюция октябр ойида Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси ("ПАCЕ") томонидан бир овоздан маъқулланган эди. Айрим давлатлар даражасида Литва, Латвия, Чехия, Эстония ва Нидерландия парламентлари Россияда ҳукмронлик қилаётган режимни террористик режим сифатида тан олди.
Россия Украина энергетика тизимига октябрь ойидан бери бераётган ракета зарбаларини Россия Федерацияси янги ҳарбий доктринаси асосий қоидаси бўлган муҳим объектларни йўқ қилиш бўйича стратегик операцион концепцияни амалга оширишнинг биринчи намунаси деб ҳисоблаш мумкин, деб ҳисоблайди Британия Мудофаа вазирлиги.
Британия разведкасининг фикрига кўра, бу концепция аҳолини руҳий тушкунликка тушириш ва давлат раҳбарларини таслим бўлишга мажбур қилиш учун душман давлатнинг қуролли кучларига эмас, балки унинг муҳим миллий инфратузилмасига зарба бериш бўйича узоқ масофали ракеталардан фойдаланишни ўз ичига олади.
Бироқ, разведка ушбу стратегиянинг самарадорлигини шубҳа остига қўяди, чунки унга кўра, Россия бундай мақсадлар учун мос келадиган ракеталарининг кўп қисмини ишлатиб юборган. Бундан ташқари, зарбаларнинг моддий ва психологик таъсири урушнинг дастлабки давридагига қараганда камроқ бўлиши мумкин, чунки украиналиклар урушнинг тўққиз ойи давомида муваффақиятли сафарбар этилган, дейилади шарҳда.
Мавзуга оид
13:13 / 19.11.2024
Германия Ўзбекистонга 1 млрд евродан ортиқ қийматда маҳсулотлар экспорт қилди
21:33 / 18.11.2024
Финландия ва Германия ўртасидаги сувости телекоммуникация кабели ишдан чиқди
20:47 / 18.11.2024
Германия Украинага сунъий интеллектга эга Helsing дронларини етказиб беради
11:37 / 18.11.2024