Ўзбекистон | 19:41 / 06.12.2022
67730
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда энергетик инқироз: Нима қилмоқ керак?

Ўзбекистондаги кўплаб соҳалар тайёргарлиги бир совуқ тушиб, қор ёғишига ҳам чидаш бермади. Республика бўйлаб газ босими тушиб кетган, электрда мунтазам узилишлар кузатилмоқда, транспорт тизими катта босим остида қолди.

Фото: KUN.UZ

Свет сурункали ўчиб туриши сабаб айниқса мамлакатдаги касалхоналарда аҳвол оғирлашиб кетди. Беморлар операцияси шам ёруғида қилинаётгани ёки муддатидан аввал туғилган чақалоқларни вакуумга солиш учун ҳам электр йўқлиги кўринган видеолар тарқалмоқда.

Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган ёки узилишлар билан ишламоқда.

Шу каби муаммолар фонида ижтимоий тармоқлар одамларнинг электр ва иситиш таъминотидан норозилик постларига тўлди. Улар электр ва газга ажратилаётган пуллар, соҳадаги компанияларга берилаётган имтиёзлар, йилдан йилга ошиб бораётган субсидиялардан фойда бўлмаётганини ҳукуматнинг юзига солмоқда.

Лекин ҳозирча бирор бир расмий юзага келган инқирознинг батафсил шарҳи ва ечимлар ҳақида гапирмади.

Ўзбекистондаги электр ва газ етишмовчилиги – чуқур, тизимли муаммолар натижаси. Энергетика тизими хусусийлашмаган, соҳада давлат монополияси амал қилади. Хусусий инвестициялар йўқлиги боис тизим техник жиҳатдан эскирган. Бунинг устига, мамлакат миллий манфаатларига зид тузилгани айтиладиган халқаро шартномалар, коррупция кўлами баландлиги, газ қуйиш шохобчаларидаги катта ўғриликлар, катта ҳажмда энергия истеъмол қилувчи самарасиз давлат корхоналари ва заводлар. Бу каби масалалар ҳал қилинмас, қайта кўриб чиқилмас экан, соҳа ўнгланмайди, муаммолар эса ечилмайди.

Аммо ҳозир жим туриб ё кутиб ўтириб ҳам бўлмайди. Ҳукумат катта масалалар ечимидан аввал одамларни эндигина кириб келган шу қишдан чиқариш чораларини кўриши керак. Хўш, энергия таъминотини яхшилаш борасида бугун қандай шошилинч чоралар кўрилиши керак?

Kun.uz мухбири бу борада соҳанинг бугунги ҳолатидан хабардор бир неча суҳбатдошдан фикрларини сўради.

Алишер Қодиров, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари

Биринчидан, йўқотишлар, зарар ва авариялар бўлса ҳам, аввалги йилларда қилинганидек газ ва электр узатиш мумкин бўлган даражада узатишда давом этиш керак.

Иккинчидан, етказиш имконсиз бўлган жойларга хокимларни шахсан жавобгарлигини белгилаган ҳолда кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш керак. Етарли даражада кўмир ва суюлтирилган газ сотиб олишни энергокомпаниялар таъминлаши керак.

Учинчидан, Экология қўмитасига ягона масъуллик юклатилиб, фақат қуриган (!) дарахтлардан ўтин тайёрлаш ва хокимликлар тавсияси билан энг зарур хонадонларга ўтин етказиб бериш орқали бетартиб дарахт кесилишлари олдини олиш керак.

Тўртинчидан, босқичма-босқич транспорт воситаларини метан газдан фойдаланишини тақиқлаш ва пропанга ўтказиш ҳақида ўйлашимиз керак.

Бешинчидан, мамлакат бўйлаб тежамкорлик масаласида кенг кўламли тарғибот ишларини бошлаш керак.

Олтинчидан, албатта, эртаданоқ энергобозорни сотиш қисмини давлат тасарруфидан чиқариш бўйича дастур устида иш бошлаш керак.

Миродил Жалолов, “Epsilon” хорижий компанияси асосчиси

Албатта, Ўзбекистонда кузатилаётган бугунги энергия инқирози бир кун ё бир ойда ҳал қилинадиган иш эмас.

Фикримча, ҳозир мамлакатдаги газ қидирув, қазув ишлари учун тасдиқланган қудуқлардан газ қазиб олишни сезиларли ошириш мумкин. Бунинг учун ҳукумат газ қазиб олувчи компаниялар билан ўтириб гаплашиб олиши ва уларнинг потенциалини ўрганиши керак. Масалан, бизда бунинг учун етарли имконият бор.

Иккинчидан, ҳукумат бугун газ импорти ҳақида ўйлаши керак. Аммо бу газ қазиб олувчилар орқали бўлиши керак. Турли хорижий, ўртакаш компанияларсиз, тўғридан тўғри шартнома орқали. Бунда “Ўзтрансгаз” фақат магистрал қувурлар орқали транспортировкани таъминлайди. Шунда қилинган ишнинг самараси юқорироқ бўлади.

Бунда биринчидан, соҳага давлат субсидиялари камаяди. Иккинчидан, газ қазиб чиқаришга тўғридан тўғри ажратиладиган маблағ ошади.

Субсидия – бу давлат бюджети, халқ пули дегани. Биз анча аввал соҳа мутахассисларига бу тизим қандай ишлаши бўйича таклифларимизни берган эдик.

Бу таклифимиз шундан иборатки, ўзимизда қазиб чиқарилаётган газнинг тан нархи (ўртакашларсиз реал ҳаражатлар) импорт қилинадиган газ нархига нисбатан анча арзон. Биз ўзимизда қазиб чиқарилаётган газ билан импорт газни аралаштирсак, ўртача таннарх чиқади. Кейин унинг ўртача сотув нархи чиқади. Бу импорт фақат Туркманистон ва Қозоғистондан бўлиши керак, бошқалардан эмас.

Шунингдек, бугун миллий манфаатларимизга зид тарзда тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш вақти келган (Исроил ва Индонезия тажрибаси).

Тошкент ва Сирдарё вилоятларида электр энергия таъминотига қўшимча қувватларни Козоғистондаги кўмирда ишлайдиган хусусий электр ишлаб чиқарувчилардан мавсумий СВОП операцияси орқали амалга ошириш дефицит камайишига ёрдам беради. Мавсум якунида ушбу хажмларни Афғонистонга ре-экспорт қилиш орқали харажатларини қоплаш мумкин.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодий таҳлилчи

Ўзбекистон газ саноатидаги аҳволни тубдан яхшилаш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш керак.

Биринчидан, халқаро майдонда катта обрўга эга консалтинг компанияларини чақириб, мавжуд газ захиралари ва конлари ҳолатини, геология қидирув ишлари сифати ва натижаларини аудит қилиш керак. Биз аниқ билишимиз керак, 3, 5, 10 йил перспективада аҳвол қандай бўлади, бизни нима кутяпти.

Иккинчидан, мавжуд қазиб чиқарилган маҳсулотни тақсимлаш шартномалари ва экспорт шартномаларини эълон қилиб, уларни кенг экспертиза қилиш керак. Балки бу ишни ҳам бошқа консалтинг компанияси қилиши керак. Мақсад – уларни Ўзбекистон манфаатини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш.

Учинчидан, барча соҳалардаги Ўзбекистон худудида фаолият олиб борувчи тармоқдаги корхоналарнинг фаолиятини ўрганиб, уларнинг самарадорлигини ошириш учун чораларни ишлаб чиқиш керак.

Тўртинчидан, ҳукумат газ қазиб чиқарувчи корхоналар билан барча шартномаларни қайта кўриб чиқиб, бераётган газ ҳажмига қараб, берилаётган имтиёзларни боғлаш ва барчага тенг имкониятлар яратиши керак. Инфраструктура корхоналари хизмат тарифлари барчага баробар бўлиши керак. Умуман тармоқдаги маҳаллий корхоналарга нисбатан дискриминация йўқ бўлиши керак.

Бешинчидан, импорт шартномалари узоқ муддатга ва ўртакашларсиз қайта тузилиши керак. Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Агар бугун ҳукумат ким биландир газ шартномаси тузмоқчи бўлаётган бўлса, бу Туркманистон ёки Қозоғистон бўлиши керак. Асло Россия билан эмас. Бу хатоларимиз устига қилинган яна бир катта хато бўлади. Унинг оқибатини тузатиш жуда қийин бўлади.

Олтинчидан, маҳаллий корхоналарга газ ҳажмини ошириш шарти билан аванс тўловлари бериш керак.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид