Ўзбекистон | 19:07 / 09.12.2022
10009
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркманистондан электр энергияси импортини оширди

Кунлик импорт 17-18 млн кВт-соатдан 20-21 млн кВт-соатга оширилгани хабар қилинди. Бензин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми ҳам кўпайтирилмоқда.

Совуқ ҳарорат фонида газ ва электр танқислиги муаммоси давом этаркан, Ўзбекистон Туркманистоннинг “Туркманенерго” корпорациясидан импорт амалиётини суткалик 17-18 млн кВт-соатдан 20-21 млн кВт-соатга оширди.

Бу ҳақда бугун, 9 декабр куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълум қилди. Расмий ахборотда импорт қайси санадан бошлаб оширилганига аниқлик киритилмаган.

Вазирликнинг бошқа бир хабарига кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида Аи-80 маркали бензиннинг суткалик ишлаб чиқариш ҳажми 850 тоннадан 1000 тоннага, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми эса 30 тоннадан 50 тоннага оширилмоқда.

Айни пайтда, “Ўзбекнефтгаз”нинг бензин шохобчалари тармоғи – UNG Petro Тошкентдаги шохобчаларнинг айримларидаги 9 декабр кунги нархлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, пойтахтда Аи-80 бензини 6800 сўмдан 7500 сўмгача, Аи-92 9500 сўмдан 12 500 сўмгача, Аи-95 10 500 сўмдан 14 000 сўмгача чакана нархларда сотилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабр куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказган йиғилишда газ, электр, кўмир ва мазут импорти бўйича музокараларни фаоллаштириш ҳақида сўз борган эди.

Йиғилишда биржа сотувларига қўйилаётган Аи-80 бензинининг кунлик ҳажми оширилиши, бу маркали бензин импорти ва чакана реализацияси акциз солиғидан вақтинча озод этилиши, биржада Аи-80 бензини савдосига воситачи компанияларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслиги, суюлтирилган газ экспорти тўлиқ тўхтатилиши ҳам маълум қилинганди.

Октябр ойида, президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи чоғида йилига 4 млрд кВт-соат электр энергияси сотиб олиш бўйича шартнома имзоланган эди.

Мавзуга оид