Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ бўйича музокараларга изоҳ берди
Россия президенти бу барча учун фойдали бўлади деб ҳисобламоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиётининг газга бўлган талаби, айниқса, ушбу давлатларнинг экспорт мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда ошади, шу боис бу давлатлар ва Россия раҳбарияти Россия газини бу мамлакатларга етказиб беришни кўпайтириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин ЕОИИ саммити якунлари бўйича Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, буни амалга ошириш ва газ етказиб бериш учун газ транспорти инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳатто янги газ қувурларини барпо этиш талаб қилиниши мумкин. Шу жумладан, Россия ҳудудида қиймати 260 миллиард рубл бўлган газ транспорти инфратузилмасини қуриш керак бўлади.
«ЕОИИ мамлакатлари иқтисодиёти ўсиб бормоқда ва бундан кейин ҳам ўсишда давом этади. Бу энергия ресурсларини истеъмол қилиш ҳажми ошади дегани. Ҳозир газ етишмаяпти. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби газ ишлаб чиқарувчи давлатлар эса келажакка қарамоқда, келгуси йилларда қанча газ кераклигини ҳисоблаб кўрмоқда ва қўшимча ҳажмлар керак бўлиши ҳақида хулоса қилмоқда. Буларнинг барчаси имкониятларимизни таққослашга, қўшимча нима қилишимиз мумкинлигини чамалашга мажбурлайди. Ҳа, биз қила оламиз», деди Россия президенти.
Томонлар газ узатиш инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги кўплаб масалаларни ҳал қилиши керак. «Ўзаро келишувни, мувофиқлаштиришни, баъзан муросани талаб этадиган қарорларни қабул қилишга тўғри келиши мумкин. Бундай ечимлар топилиши аниқ. Шу маънода, бу қандайдир энергия алянси бўлиши мумкин», деди Путин.
Шунингдек, Россия президенти ЕОИИ доирасидаги ягона газ бозорини яратишга тайёргарлик кўрилаётганини ҳам эслатди. «Аммо бизнинг ЕОИИ давлатлари олдидаги мажбуриятларимиз ҳам бор. Ўзбекистон - ҳозирча кузатувчи. Лекин Ўзбекистон учун ҳам бу албатта ЕОИИ фаолияти билан яқиндан танишиш ва тил топишиш учун сабабдир. Бу ерда енгиб ўтилмайдиган бирорта тўсиқ йўқ», деб қўшимча қилди у.
«Айтганча, ҳамма тайёр. Ва биргаликда ишлашни хоҳлашади, ҳатто қўшма сармояларга ҳам тайёр. Бу яхши, катта иш - келажак учун яхши истиқболга эга. Бу иш бошланди, яхши бошланди. Ишончим комилки, натижалар яхши бўлади. Ҳозир Москвага ҳамкасблар келишади - Қозоғистон, Ўзбекистон. Миллер (Газпром раҳбари) ҳам у ерга боради. Бош вазир ўринбосарлари даражасида иш олиб борилмоқда», - деб хулоса қилди Путин.
Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги «Уч томонлама газ битими» режалари ҳақида биринчи марта Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев айтган эди. Унинг таъкидлашича, бу ташаббус Россия президенти томонидан чиққан. «Бугун Владимир Владимирович ўзига хос уч томонлама (газ) иттифоқи тузишимиз кераклигини айтди. У шу мавзуда Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи. Биз ҳам бу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак», — деган эди Тўқаев.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Уч томонлама газ битими» ҳақидаги саволга жавобан, музокаралар «Иттифоқ эмас, импорт шартномаси орқали» газ олиш ҳақида эканини айтди.
«Маълум ҳажмда (газ) импорт қилишга ҳам эҳтиёж туғиляпти. Шу эҳтиёжни қондириш, масалани ечиш мақсадида ҳозирги кунда биз аллақандай алянс, иттифоқ эмас, қўшни давлатлардан ўз эҳтиёжимиз учун зарур бўлган табиий газ ва электр энергиясини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти», – деди Мирзамаҳмудов.
Шу билан бирга, «Уч томонлама газ битими» таклифи газни сиёсий шартларга алмаштиришни назарда тутмайди, гап тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида кетмоқда, деган эди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024