Жаҳон | 08:03 / 12.12.2022
6507
3 дақиқада ўқилади

Туркия президенти Россия билан «ғалла битими»ни кенгайтиришни таклиф қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Украина ғалласини Қора денгиз орқали бошқа товарларга экспорт қилиш бўйича келишувни кенгайтирмоқчи. 

Фото: AFP

Россия президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати чоғида у бошқа озиқ-овқат ва Украина маҳсулотларини экспорт қилишга тайёргарлик кўришни таклиф қилди, деб хабар берди Анқара. 

Ўз навбатида, Кремль Путин ва Эрдўған «Қора денгиз портларидан Украина ғалласини экспорт қилиш ҳамда Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича 22 июлдаги Истанбул келишувларининг бажарилишини кўриб чиққани»ни маълум қилди. 

«Ушбу битим мураккаб характерга эга бўлиб, энг муҳтож мамлакатлар эҳтиёжларини қондириш учун Россиядан тегишли етказиб бериш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашни талаб қилади», — дейилади Россия Федерацияси президентининг сайтидаги хабарда.

Бундан олдин Украинадан Қора денгиз орқали ғалла олиб чиқиб кетиш бўйича келишув 120 кунга узайтирилганди. 

БМТ, Туркия, Россия ва Украина ўртасида 22 июль куни Украина портларидан ғалла ва тегишли маҳсулотларни хавфсиз экспорт қилиш учун денгиз йўлакларини яратиш бўйича келишувга эришилди. 

Қора денгиз дон ташаббусида Туркия кафил, БМТ эса - келишувга гувоҳ. «Ғалла битими» доирасида Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери тўсиб қўйилган Украина озиқ-овқат экспорти 1 августдан бошлаб Украинанинг учта портидан - Одесса, Чорноморск ва Южнийдан амалга оширилди. 

29 октябр куни Россия Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларда иштирок этишни тўхтатди ва бу қарорни Севастопол кўрфазида Россия Қора денгиз флоти кемаларига учувчисиз учоқлар ҳужуми билан изоҳлади. Россия ТИВ матбуот хизмати келишувлар доирасида яратилган «яшил йўлак» гўёки кемаларга ҳужум қилиш учун ниқоб бўлиб қолганини билдирди. 

Бироқ, 2 ноябрь куни Россия «ғалла битими»ни амалга оширишни қайта бошлади. Москва Киевдан инсонпарварлик коридори ва Украина портларидан Россияга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланилмаслиги тўғрисида зарур ёзма кафолат олди, дея тушунтирди Россия Мудофаа вазирлиги. Ўз навбатида, Киев Москвага ёзма кафолат берганини рад этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид