Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламентдаги коррупция иши бўйича тўрт кишига айблов қўйилди
ОАВ хабарларига кўра, Қатар билан боғлиқ коррупция бўйича тергов доирасида Бельгияда ҳибсга олишга ордер берилган тўрт киши орасида Грециядан евродепутат Ева Кайли ҳам бор.
Ева Кайли / Фото: Alain Rolland/European Union
Европарламентдаги (ЕП) коррупция можароси муносабати билан Бельгия ҳукумати тўрт нафар гумонланувчига айблов эълон қилди ва уларни ҳибсга олиш учун ордер берди. «Улар жиноий ташкилотда иштирок этиш, пул ювиш ва коррупцияда айбланмоқда», — дейилади прокуратуранинг 11 декабр, якшанба куни Брюсселда тарқатилган баёнотида
Прокурор айбланувчининг исмини айтмаяпти, аммо AFP суд тизимидаги суҳбатдошига таяниб ёзишича, улар орасида Грециядан евродепутат Ева Кайли ҳам бор. Бельгия матбуотига кўра, Кайлидан ташқари унинг парламент маслаҳатчиси Франческо Жоржи, социалистик фракциядан Европарламентнинг италиялик собиқ аъзоси Пьер-Антонио Панцери ва яна бир номи ошкор этилмаган Брюссел лоббичиси ҳибсга олинган.
Яна икки қўлга олинган шахсни тергов судьяси озод қилди. Бу Кайлининг отаси ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси бош котиби Лука Висентини, дея хабар беради Бельгия ОАВ.
Икки кун аввал Бельгия полицияси Брюсселда жаҳон чемпионати мезбони Қатар томонидан эҳтимолий коррупцияни тергов қилиш доирасида Кайли ва яна беш нафар гумонланувчини қўлга олди. Тинтувлар давомида компьютерлар, мобил телефонлар ва 600 минг евро мусодара қилинган.
Прокуратура маълумотларига кўра, 10 декабрь оқшомида ушбу тергов доирасида яна бир Европарламент депутатининг уйи ҳам тинтув қилинган. Бельгиянинг Le Soir газетасига кўра, гап Бельгиядан Европарламент депутати Марк Тарабелла ҳақида кетмоқда.
Қўлга олинганидан кейин Ева Кайли Европарламент вице-президенти сифатида «барча ваколатлар, мажбуриятлар ва топшириқларни бажаришдан» озод қилинди, деди шанба куни кечқурун Европарламент президенти Роберта Метсола матбуот котиби. Аввалроқ Ева Кайли аъзо бўлган Греция социалистик партияси ПАСОК унинг партиядан четлатилганини маълум қилганди.
Европарламентда Кайли Қатар меҳнат бозоридаги вазиятни кузатувчи вакиллардан бири бўлган, у ерда ҳуқуқ фаоллари Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кўплаб бузилиши ҳолатларини қайд этишган.
2022 йилги жаҳон чемпионати бошланишидан бироз олдин Кайли Қатар меҳнат вазири билан учрашди ва 22 ноябрь куни ЕПда нутқ сўзлаб, Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо берди ва уни «араб дунёсини илҳомлантиради» деб атади.
Мавзуга оид
11:53 / 12.02.2026
Европарламент Украина учун 90 млрд евро кредитни маъқуллади
14:36 / 11.02.2026
Европарламент 2040 йилгача ЕИнинг иқлим мақсадлари ҳақидаги қонунни қабул қилди
09:48 / 11.02.2026
ЕП Россияни “қишни қуролга айлантириш”да айблади
14:39 / 10.02.2026