Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламент Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтиришга чақирди
Европарламентнинг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси вакиллари Киевга ташриф буюриб, Украинага “куч орқали тинчликка эришиш” имконини бериш учун ҳарбий қўллаб-қувватлашни зудлик билан кучайтиришга чақирди. 11 феврал куни Киевга 90 млрд евро ёрдам ажратиш бўйича овоз бериш ўтказилади.
Фото: Getty Imagеs
Европарламентнинг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси 9 феврал, душанба куни Украинага ҳарбий қўллаб-қувватлашни зудлик билан кучайтиришга чақирди. Қўмита делегацияси 5–6 феврал кунлари Киевга ташриф буюриб, давом этаётган музокараларга қарамай, ўт очишни тўхтатиш аломатларини кўрмаганини билдирди.
Қўмита раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман шундай деди: “Биз тинчлик музокараларидаги илгарилашни қўллаб-қувватласак-да, Киевда Россия фуқаролик инфратузилмасини ракета билан ўққа тутаётганига, тинч аҳолини ўлдираётганига ва минглаб одамларни нолдан паст ҳароратда иситиш ва электрсиз қолдириб, музлаб қолиш хавфига дучор этаётганига гувоҳ бўлдик. Биз шунчаки тинчликка ‘умид’ қилиб тура олмаймиз — ҳозир ҳаракат қилишимиз ва Украинага куч орқали тинчликка эришиш имконини таъминлашимиз керак”.
Евродепутатлар Европарламентнинг Страсбургдаги мажлисида чоршанба, 11 феврал куни ўтказиладиган — Украинага Европа Иттифоқи томонидан 90 млрд евро миқдорида кредит бериш масаласи бўйича овоз бериш олдидан Киевга келган.
Делегация Украина президенти офисининг ва ҳукуматнинг вакиллари, Олий рада раҳбарияти, шунингдек, фуқаролик жамияти ва мудофаа саноати вакиллари билан учрашган. Штрак-Циммерманнинг сўзларини Европарламент матбуот релизи келтирди, унда: “ЕИ фуқаролари Украинани қўллаб-қувватлаш ва Европа мудофаасини мустаҳкамлашга чақирмоқда”, дея қайд этилган.
Матбуот релизида Украина ЕИнинг мудофаа ташаббусларида, хусусан Европа мудофаа саноати дастури (EDIP) ва “Европа учун хавфсизлик” (SAFE) инструменти каби лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдор экани таъкидланган. Депутатлар Европарламент Европа мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва Украина мудофаа саноатини ЕИ мудофаа тизимига интеграция қилиш учун ўзининг қонунчилик ва бюджет ваколатларидан фойдаланишга тайёр эканини билдирган.
Мавзуга оид
16:12
Мудофаа тизими, қирувчилар ва ракеталар: Киев–Париж ҳамкорлиги кучаяди
14:16
Украина: Германия Россияни тинчлик музокараларида муросага чақирмоқда
10:42
Дрон зарбалари: РФ нефт компаниялари йўқотиши 1 трлн рублдан ошди
15:07 / 09.02.2026