Россия қишнинг энг совуқ даврида украин электр станциялари ва бошқа муҳим инфратузилма объектларига ҳужум қилиб, украиналикларнинг қаршилиги ва руҳий матонатини синдиришга уринмоқда. Европанинг бурчи эса — украинларни фақат гуманитар ёрдам билан эмас, балки қурол-яроғ билан ҳам қўллаб-қувватлаш: Украина ҳаво мудофааси имкониятларини кучайтириш, шунингдек Россияга қарши 20-пакет санкцияларни жорий этиш. Сешанба куни, 10 февралда Европарламентда ўтган “Украина энергетика тизимига қилинган ҳужумларга Европа жавоби ва улар келтириб чиқарган гуманитар инқироз” мавзусидаги дебатларнинг асосий хулосаси шу бўлди.

Жаҳон Украина энергетика инфратузилмасига етказилаётган даҳшатли вайронагарчилик тасодиф ёки ҳарбий ҳаракатларнинг ёндош оқибати эмас, балки фуқароларни қоронғилик ва совуққа ғарқ этишга қаратилган тизимли, қасддан қилинган зарбалар эканини кўриб турибди ва яхши тушуниб турибди. Дебатларни очиб берган ЕИнинг кенгайиш масалалари бўйича еврокомиссари Марта Кос шундай деди. Унинг фикрича, Россия гуманитар фалокат яратишга уриниб, қишни қурол сифатида қўлламоқда. Бироқ украинларга қарши содир этилган шафқатсиз жиноятлар оқибатсиз қолмайди ва Европа Россияга босимни кучайтиради, дея ваъда берди еврокомиссар.

Коснинг билдиришича, ЕИ “Украина энергетика тизимини барқарорлаштириш, тиклаш ва интеграция қилиш учун мисли кўрилмаган кўламда қўллаб-қувватлашни сафарбар қилди ва буни ҳар куни давом эттирмоқда”. Унинг сўзларига кўра, 2022 йил февралидан буён ЕИ Украинага 1,3 млрд евро гуманитар ёрдам кўрсатган. “Қўллаб-қувватлаш 2026 йилда ҳам давом этади: дастлаб 153 млн евро ажратилади — 145 млн евро Украина учун ва 8 млн евро Молдова учун”, — деди еврокомиссар. Шунингдек, ЕИнинг Фуқаролик муҳофазаси механизми орқали Украина 11 мингдан ортиқ генератор ва 7 мингдан ортиқ трансформатор олган.

“Бироқ Украина энергетика тизимини ҳақиқий ҳимоя қилиш учун аввало унинг осмонини муҳофаза қилишимиз керак. Бу эса ҳаво мудофааси тизимлари ва ракеталарни зудлик билан етказиб беришни англатади. Аъзо давлатларни кечиктирмасдан ҳаракат қилишга чақирамиз”, — деди Марта Кос.

Яқинда Киевга бориб келган европарламентарийлар гуруҳи ҳамкасблари билан таассуротларини ўртоқлашар экан, немис депутати, социалистлар гуруҳи вакили Тобиас Кремер: “Украина аҳолисига қарши ҳужум ҳақиқий эканини ўз кўзимиз билан кўрдик”, деди. “Жанг майдонида ютолмас экан, у фуқароларни — аёллар, болалар, кексаларни нишонга оляпти, — дея давом этди Кремер. — Ҳозир -27°C ҳароратда украиналиклар иситиш, электр, сувсиз қолмоқда, аммо мен таслим бўлишга тайёр бирорта ҳам украинни учратмадим”.