Жаҳон | 14:36 / 11.02.2026
990
3 дақиқада ўқилади

Европарламент 2040 йилгача ЕИнинг иқлим мақсадлари ҳақидаги қонунни қабул қилди

Европарламент ЕИнинг иқлим нейтраллигига эришиш йўлида янги мажбурий оралиқ мақсадни белгилайдиган қонунни қабул қилди. Ҳужжат 2040 йилгача ташламаларни 90 фоизга қисқартиришни назарда тутади.

Фото: Frederick Florin/AFP

Европа Иттифоқининг иқлим нейтраллигига эришиш йўлида янги мажбурий оралиқ мақсадни белгилайдиган қонун сешанба куни, 10 февралда Европарламент томонидан маъқулланди. Ҳужжатга кўра, ЕИда парник газлар ташламалари 2040 йилгача 1990 йилдаги даражага нисбатан 90 фоизга камайтирилиши керак.

Бироқ 2036 йилдан бошлаб ЕИ аъзо давлатлари ташламаларни қисқартириш бўйича талаб этиладиган ҳажмнинг 5 фоиз пунктгача қисмини учинчи мамлакатлардан эмиссия сертификатларини сотиб олиш орқали “ҳисобга” қўшиб қўйиши мумкин бўлади. KNA агентлиги қайд этишича, “амалда ЕИ мамлакатлари ўз ташламаларини атиги 85 фоизга камайтириши талаб этилади”.

Бино-иншоотлар ва транспорт соҳаларида эмиссия сертификатлари савдосини бошлаш 2027 йилдан 2028 йилга кўчирилди. Кутилишича, Еврокомиссия ҳар икки йилда ЕИнинг белгиланган иқлим мақсадларига қанчалик муваффақиятли яқинлашаётганини текшириб боради. Шу билан бирга, ЕК фан ва технология соҳасидаги энг янги маълумотларга асосланиб, ўзгартишлар бўйича таклифлар киритиши мумкин бўлади.

Европарламент мазкур қонунни қабул қилишидан олдин ЕИ аъзо давлатлари билан узоқ муҳокамалар бўлиб ўтган. Айрим сиёсатчилар 90 фоизлик кўрсаткични жуда баланд деб атаган, бошқалар эса халқаро ҳисоб-китобларда “айланма йўллар” пайдо бўлишидан хавотир билдирган.

Энди ЕИнинг иқлим нейтраллигига эришиш йўлида оралиқ мақсадларни ўзгартириш ҳақидаги қонунни ЕИ кенгаши ҳам тасдиқлаши керак, аммо KNA таъкидлашича, бу — деярли расмиятчилик, холос.

Парник газлар иқлим ўзгариши жараёнини тезлаштиради. Шу сабаб ЕИ ўз олдига 2050 йилгача иқлим нейтраллигига эришиш мақсадини қўйган. Шу йўлдаги янги оралиқ мақсад — 2040 йилгача ЕИда парник газлар ташламаларини 1990 йилга нисбатан 90 фоизга қисқартириш — 2024 йил февралида ЕИнинг иқлим бўйича ҳаракатлар комиссари Вопке Хукстра томонидан айтилган эди.

2021 йилда ЕИ 2050 йилгача Европа иқтисодиёти ва жамиятини иқлим нейтрал қилиш мақсадини қонун билан мустаҳкамлади. ЕИнинг иқлим тўғрисидаги қонуни биринчи оралиқ мақсадни ҳам белгилаган: 2030 йилгача 1990 йилга нисбатан парник газлар ташламаларини камида 55 фоизга қисқартириш. Fit for 55 қонунчилик пакети айнан шу кўрсаткичга эришишни таъминлашга қаратилган.

2040 йилгача ташламаларни 90 фоизга қисқартириш ЕИнинг Париж иқлим келишуви бўйича мажбуриятларига ҳамда ЕИнинг иқлим ўзгариши бўйича илмий-маслаҳат кенгаши тавсияларига мос келади. Ушбу кенгаш 2023 йил июн ойида ЕИга 2040 йилгача парник газлар ташламаларини 90–95 фоизга қисқартиришни тавсия қилган. 2015 йилги Париж иқлим келишуви глобал исишни саноатлаштиришдан олдинги даврга нисбатан 1,5°C чегарасида ушлаб туришни мақсад қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид