Жаҳон | 20:34 / 14.12.2022
14899
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Россия нефтини минимал нархда сотиб олишни бошлади 

Россия нефт санкциялари туфайли Ҳиндистонга катта чегирма билан хомашё сотишга мажбур бўлмоқда. 

Фото: Reuters

Декабр ойида Ҳиндистон портларида Россия нефтининг асосий экспорт нави Urals нархи минимал даражага тушди, бу Ғарб давлатлари томонидан қўйилган 60 долларлик нарх чегарасидан анча паст. 

Солиқ ва йиғимлар, суғурта ва етказиб бериш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, айрим ҳолларда ишлаб чиқарувчилар хомашёни зарар кўрган ҳолда сотяпти, деб хабар берди Reuters маҳаллий трейдерларга таяниб. 

Европанинг Россия нефтидан воз кечиши натижасида маҳсулот етказиб берувчилар рекорд чегирмалар таклиф қилишга мажбур бўлмоқда. Агар октябр ойида Brent нефтининг 1 баррели учун тахминан 5-8 доллар чегирма берилган бўлса, ноябрда чегирма 10-11 долларгача, декабрда эса 12-15 долларгача кўтарилган. 

Денгиз орқали етказиб беришда Россия алоҳида муаммоларга дуч келган. Хомашёни ташишга қодир кемаларнинг етишмаслиги юк ташиш харажатларининг сезиларли даражада ошишига олиб келди, шунинг учун харидорлар бу харажатларни етказиб берувчилар зиммасига юкламоқда. 

Рекорд чегирмалар ноябр ойида Россия нефтини Ҳиндистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини берган. Натижада, Россия Ироқни ортда қолдириб, Ҳиндистонга энг йирик хомашё етказиб берувчига айланди. 

Бу ҳолат нефт даромадларининг пасайишига олиб келган. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, Россия компаниялари ноябр ойида аввалги ойга нисбатан 700 миллион долларга кам маблағ олган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид