Жаҳон | 20:07 / 17.12.2022
9028
2 дақиқада ўқилади

Москвадаги мигрантлар орасида менингит касаллиги авж олгани айтилди 

Роспотребнадзор ташкилоти Москвадаги мигрантлар орасида менингит касаллиги тарқалиши билан боғлиқ вазият оғир эканини маълум қилди. 

Фото: BSIP/Universal Images Group via Getty Images

Россия пойтахтида менингококк инфекцияси билан боғлиқ оғир вазият қайд этилган, асосан мигрантлар касал, деди Москва бош санитария шифокори, пойтахт Роспотребнадзор бошқармаси бошлиғи Елена Андреева. 

«Шаҳарда менингококк инфекцияси бўйича мураккаб вазият бор, мигрантлар касал бўлиб қоляпти. Чунки улар иммунитети жиҳатидан Москвага мутлақо «тоза» бўлиб келади, шу туфайли касал бўлиб қолишмоқда. Шаҳарга менингал инфекция тарқалмаслиги учун чора кўряпмиз», деди Андреева. 

Унинг қўшимча қилишича, шаҳар ҳокимияти ёзда вазиятнинг ёмон ривожланишига тайёргарлик кўрган. 

«Биз вакцинани давлат захирасидан олдик. Ҳозир бирламчи тиббий ёрдам ходимлари мигрантларни эмламоқда. Клиник картина жуда оғир, ўлим ҳолатлари бор, инфекция жуда юқумли», деди Москва бош санитария шифокори. 

Маълумотларга кўра, 10 ой давомида меҳнат мигрантлари орасида 32 та касаллик ўчоғи аниқланган, беморлар билан алоқада бўлганлар сони – 10682 нафар, эмланганлар сони – 8868 нафар. 

Москва маъмурияти 25 декабрга қадар меҳнат мигрантларини эмлашни максимал даражада бажаришни режалаштирмоқда. 

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид