Жаҳон | 07:46 / 20.12.2022
3751
2 дақиқада ўқилади

Канада Абрамовичнинг активларини мусодара қилиш жараёнини бошлади

Мамлакат ҳукумати биринчи марта санкциялар остидаги россияликнинг активларини хатлаш ва мусодара қилиш жараёнини бошлади.

Фото: AP

Канада ҳукумати санкцияга учраган россиялик миллиардер Роман Абрамовичга тегишли Granite Capital Holdings Ltd компаниясининг 26 миллион долларлик активларини хатлаш ва мусодара қилиш жараёни бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда 19 декабрь, душанба куни Канада Ташқи ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинди.

Бу Канада биринчи марта санкция остидаги шахсларга тегишли активларни мусодара қилиш учун янги ваколатларидан фойдаланиши экани таъкидланади. Бундан ташқари, Канада бундай чораларни қўллаган биринчи G7 давлатига айланди, дея таъкидлади мамлакат ТИВ.

Агар давлат фойдасига мусодара қилиш суд томонидан маъқулланса, олинган маблағ Украинани тиклаш ва Россия босқинидан жабрланганларга товон тўлаш учун ишлатилиши мумкин, дейилади идора сайтида.

«Путиннинг олигархлари Россиянинг Украинага ноқонуний ва ваҳшийларча бостириб киришида қатнашмоқда. Канада уларнинг ноқонуний даромадлари учун хавфсиз бошпана бўлмайди ва бугунги баёнот Россия элитаси Путиннинг шафқатсиз режимини қўллаб-қувватлагани учун ҳақ тўлашига қатъий ишончимизни кўрсатмоқда», деди Канада бош вазири ўринбосари ва молия вазири Христя Фриланд. У Россия активларидан Украинани тиклаш учун фойдаланиш «адолатли ва мақсадга мувофиқ» эканини таъкидлади.

2014 йилда Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан бери Канада Россиядан бўлган 3600 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилган. Улардан 1500 га яқин киши ва компаниялар Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин мамлакат санкциялар рўйхатига киритилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид