Ўзбекистон | 18:12 / 26.12.2022
15953
6 дақиқада ўқилади

“Аёлнинг ҳаққига тажовуз қилиш – гуноҳ” -– Муфтий Нуриддин Холиқназаров

“Айрим ҳолатларда аёлларга қўпол муомала қилиш, уларни камситишлар учраб қолиши биз – мусулмонларга энг хижолатли ва Аллоҳ ҳузурида жавоб берадиган гуноҳларимиздан десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки Қиёматда бунинг учун жавоб берамиз”, - деди муфтий.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров бугунги кунда жамиятимизда хотин-қизларга нисбатан камситишлар, тазйиқлар авж олаётгани Ислом тавсияларига зид экани ҳақида гапирди.

Аёлларга ёмон муомала учун Қиёматда жавоб берамиз

Бугун аёлнинг ҳаққига тажовуз қилиш, поймол қилиш, уларни камситиш ҳолатлари кўриниб турибди. Бутун дунёда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи юқори даражага кўтарилмоқда. Юртимизда бу масалада давлатимиз томонидан ҳамма имкониятлар, шароитлар яратилган. Аслида мусулмон ўлароқ биз бир нарсани билишимиз керакки, аёлларнинг ҳимояси бундан 14 аср муқаддам Аллоҳ азза ва жалла томонидан белгилаб қўйилган. Ислом дини бошланиши билан аёлларнинг ҳаққи тўлиқ ҳимояга олинди деб фахрлансак арзийди. Унгача аёлларнинг ҳаққи жуда поймол бўлди. Улар ота-онадан мерос олмас, эр мажбурият ва ҳақларида ҳеч қандай ҳаққа эга эмас эдилар. Қиз фарзанд кўриш орият эди, ҳатто қиз туғилганда тириклайин кўмилган ҳолатлар бор жоҳилиятда.

Ундан кейин Пайғамбаримиз с.а.в.нинг “Қиз бола ота-онани дўзахдан тўсиб қоладиган пардасидир. У оиланинг баракасидир” деб ўргатишлари, жаннат эшиги онанинг оёғи остида экани, эркакларнинг энг яхшиси бўлиш жуфти ҳалолга яхши муносабатда бўлиш билан ўлчаниши ҳақидаги ҳадислари билан аёлларимизнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.

Аммо баъзида аёлларга қўпол муомала қилиш, уларни камситишлар учраб қолиши биз – мусулмонларга энг хижолатли ва Аллоҳ ҳузурида жавоб берадиган гуноҳларимиздан десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки Қиёматда бунинг учун жавоб берамиз.

Аёлнинг шикояти Аллоҳга етиб боради

Ижтимоий тармоқларда аёлга маслаҳат солиш нотўғри иш бўлиши, уларнинг ақли ноқислиги ҳақида тавсиялар бериляпти. Айримлар бу фикрларни қўллаб-қувватлаётганини кўряпмиз. Лекин бу жуда катта хато. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг кўрсатмаларига, Ислом тавсияларига зид экани ҳисобга олинмаяпти.

Қуръони Каримда энг катта суралардан бирига аёллар номи (Нисо сураси) берилган. Мужодала сурасида айни аёлларга тааллуқли бўлган масала ёритилиши ва бир аёлнинг саволига Парвардигори Оламнинг жавоб бериши биз учун жуда катта таълим бўлади.

Ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳузурларига Ҳавла бинту Саълаба розиёллоҳу анҳо эри Авс ибн Сомитдан шикоят қилиб келди. Авс ибн Сомит хотинига: “сен менга онам кабисан” деб қўйди. Исломдан аввалги даврда эркак киши аёлини ўз онасига ўхшатиб қўйса, яъни зиҳор қилиб қўйса улар бутун умр бирга яшашлари ҳаром ҳисобланган.

Ҳавла бу гапни Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам)га айтганда “эй Ҳавла энди сизлар бир-бирингизга ҳаром бўлдингиз” дедилар. Ҳавла онамиз биргина гап билан эридан айрилгиси келмаётгани, эри ҳам бундан афсус-надоматда эканини айтиб ёрдам сўради. Аммо Пайғамбаримиз яна аввалги жавобни қайтардилар. Шунда Ҳавла бинти Саълаба осмонга қараб: “Эй Роббим, Пайғамбаринг Муҳаммад с.а.в.нинг муборак оғизларига менинг фойдамга бирор бир сўз келтиргин” деб шикоят қилиб қўярди. Расулуллоҳ Аллоҳнинг айтганини қилаётганини айтарди. Ҳавла бинту Саълаба такрор-такрор сўрашдан чарчамасди.

Шунда бирдан Расулуллоҳ с.а.в.га ваҳий келди ва Ҳавла онамизга қараб: “Эй Ҳавла, муждалар бўлсин. Аллоҳ азза ва жалла сенинг ҳақингда оят нозил қилдилар. Яъни сенинг шикоятингни эшитди ва унинг муолажасини нозил қилди. Сизлар бир-бирингизга ҳаром эмассизлар ва эринг маълум жарималар билан жазоланиб, бирга яшашингиз мумкин” деган кўрсатма берди. Шу билан уларнинг оиласи тикланди. Бир аёлнинг шикоятига Яратганнинг жавоб бериши ва бу жавоблар Қуръонга ёздирилиб, Қиёматга қадар ўқийдиган қилиб қўйилишидан ортиқроқ фазилат йўқ.

Аёлнинг эъзози ва ҳурмати учун далил

Яна ривоят қиладиларки, Умар ибн Ҳаттоб розиёллоҳу анҳу йўлда кетаётганларида бир кампир уларни тўхтатиб, насиҳат қила бошлади: “Эй Умар, сени бир вақтлар “Умарча” дейишарди, кейин “Умар” деб аталадиган бўлдинг. Бугун эса “Мўминлар амири” дейишмоқда. Эй Умар, масъулят бобида Аллоҳ таолодан қўрқ, ким қиёмат кунидан қўрқса, ким ўлимдан қўрқса, ўткинчи нарсалар ҳам уни қўрқувга соладиган бўлади”.

Халифа Умар ибн Ҳаттоб розиёллоҳу анҳу унинг сўзларини индамасдан тинглар эди. Аёл гапини тугатиб кетгунича унинг гапини бўлмади.

Шунда ҳамроҳлари Ҳазрати Умарга: “Шу кампирнинг гапига шунча вақт бўлмасдан қулоқ солиб турдингиз” дейишди. Шунда Ҳазрати Умар: “Аллоҳга қасамки, агар бу кампир кун бўйи гапирса ҳам, намоздан бошқа пайт гапини бўлмасдан тинглар эдим. Бу аёлнинг кимлигини билмайсизми? У Авс ибн Сомитнинг хотини Ҳавла бинти Саълаба бўлади. Бу аёлнинг сўзига етти қават осмонда турган Аллоҳ таоло жавоб берганда, мен қандай жавоб бермаслигим мумкин?” дедилар.

Шунинг ўзи бутун мусулмонлар учун катта таълим. Биргина аёлнинг шикоятига Роббимиз жавоб бериб, Қуръонга ёзиб қўйган бўлса, бутун мўминлар амири бўлган зот унга қулоқ солиб турган бўлса, аёлнинг эъзози ва ҳурматини кучайтириш учун бундан ортиқ далил йўқ.

Мавзуга оид