Жамият | 17:49 / 26.12.2022
25491
7 дақиқада ўқилади

Стереотипларга тўла жамиятда яшамоқдамиз

Эр — аёлига, қайнона — келинига, келин — фарзандига зуғум қилаётгани ҳақидаги турли хабарлар кундан кунга кўпаймоқда. Хўш, нега жамиятимизда бу иллат тобора ортиб бормоқда? Унинг илдизи қаерда? Ушбу мавзуда филология фанлари доктори, Гендер масалалари бўйича халқаро тренер Наргис Қосимова билан суҳбатлашдик.

Кўпчилик аёлларга қилинаётган зўравонликнинг илдизи иқтисодий йўқчиликда деб билади. Лекин ундай эмас. Етишмовчилик бўлса ҳам тинч-тотув, бахтли яшаётган оилалар бор.

Қачонки жамиятимизда аёлларга, болаларга ва ҳайвонларга бўлган муносабат ўзгаради, шундагина зўравонлик камаяди. Нима учун ҳайвонларга? Чунки барчасининг илдизи бир. Агар бола ёшлигидан тирик жонга шафқатсиз муносабатда бўлса, бу руҳий ҳолат бутун жамиятга тарқалади. Шу қаҳри қаттиқлик билан катта бўлган одам ўзидан заиф одамларга зўравонлик қилади.

Чет элда шундай амалиёт жорий қилинган: руҳий, жисмоний зўравонликка учраган, тушкунликка тушган инсонларнинг клублари бор. Улар бир ерга йиғилиб, давра бўлиб бир-бирининг дардини тинглайди. Маслаҳатлар беради. Бизда ҳануз бундай клублар мавжуд эмас.

Муаммонинг ечимини ўзаро ҳал қилса бўлади. Кўп нарса инсоннинг руҳий ҳолатига боғлиқ. Қачонки, ўзидан заиф бўлганларга муносабат ўзгарса, ана ўшанда жамият ўзгаради. 

Филология фанлари доктори, Гендер масалалари бўйича халқаро тренер Наргис Қосимова

«Бошимдан ўтгани учун тушунаман»

Нима учун ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпаймоқда? Ҳатто болалари билан бирга ўз жонига қасд қилаётган аёллар бор. Ўзим бошимдан шундай нарса ўтгани учун уларни яхши тушунаман. Кўзига бошқача йўл кўринмайди, тўғри йўл кўрсатадиган, ёнидан чиқадиган одами ҳам бўлмайди. Маҳаллага чиқса «чида, тилингни тий, яраш, уйингда ўтир», дейилади. Уйига борса ҳам шу гапни эшитади.

«Болам ҳам шу нарсани кўрмасин», дея аёл хато қилиб қўяётганини билмайди. Ўзини сувга ташлайди, осади... Лекин бу муаммодан чиқиш йўли эмас. Буни аввало тарбияда сингдириш керак.

Қиз бола бўладими, ўғил бола бўладими, мактабдан жинсий тарбия керак. Жинсий тарбияга бир тарафлама қараш керак эмас. Аввало, оиладаги муносабатлар, ўзаро ҳурмат, оилага тайёргарлик. Буни мактабдан ўргатиш керак.

Сабаби, жамиятимизда ҳозир шундай тенденция борки, фарзандининг тарбиясини бутунлай мактабга ташлаб қўйган. Нимадир хато қиладиган бўлса, ким айбдор — мактаб айбдор. Буни ота-оналар тушунган ҳолда, аввало оилада болага тарбия бериши керак. 

«Сен ҳам одаммисан?»

Ўтиш ёшидаги болаларнинг ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетяпти. Бу нима учун бўлади? Ота-она бир кунда 15 дақиқагина вақтини болага ажратса, қайси маънодаки, бақириб-чақириб, жеркиб эмас, оддийгина суҳбатдош бўлиб. «Нимага қизиқасан, кунинг қандай ўтди, ким билан суҳбатлашдинг», деб дугона, дўст бўлиб гаплашиши керак.

Бизда қандай қилишади? Сен ҳам одаммисан дегандек, жеркиб гапиришади. Мана кечагина поезддан тушганимда бир аёл телефонда гаплашиб кетяпти. Ҳамма унга қараган. Чунки аёл жуда баланд ва бақириб, кимнидир уришяпти.

Шу қадар ҳақоратли гапларни айтяптики, мен уялиб кетдим. Идишларни ювиб қўйсанг ўлармидинг, дарсингни кейин қилардинг, деб уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилаётганидан билдимки, у қизи билан гаплашяпти. Яна кўчада ҳам уялмаяпти. Мана бизда тарбиянинг аҳволи.

Оддийгина, боласи билан суҳбатлашишни билмайди ота-оналар. Фарзанд билан қанчалик суҳбатлашса, у эртага ота-онасига ичини ёради, дардини айтади. Ота-онаси у билан гаплашолмаяптими, суҳбатдошни кўчадан излайди. 

«Бола тарбиясига эркаклар масъул»

Жамиятда болага муносабат қандай бўлиши кераклигини Исроил мисолида айтиб ўтаман. Бир куни дарсдан кейин денгиз бўйида курсдошларим билан ўтиргандик. У ерда болалар тарбияси билан асосан эркаклар шуғулланади. Бирорта аёлнинг бола кўтариб юрганини кўрмаганман.

Бир эркак қўлида ёш бола, беш ёшлардаги қизчасини етаклаб кетяпти. Қизча инжиқланиб оёқларини типирлатиб ерга ётиб олди. Эркак чўккалаб, қўлидаги болани унинг олдига қўйиб, ярим соат чамаси қизчага нимадирлар деди. Кейин турғазди-да, кийимчасини қоқиб олиб кетди. Агар шу ҳолат бизда бўлганида болани қўлидан силтаб, тортиб олиб кетарди. Бу оддий бир муносабат.

«Барча нарса узвий боғлиқ»

Яқинда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг медиа ва коммуникация факультети ўқув дастурига медиада гендер тенглиги дарсини киритдим. Талабалар билан ишлаганда рус гуруҳлари буни оддий қабул қилишди. Ўзбек гуруҳлари эса жуда негатив муносабат билдиришди. Қабул қилишлари қийин кечди.

Гендер тенглик бу — ижтимоий муносабатларда эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқли экани. Талабалар шу оддий ҳақиқатни қабул қила олишмаяпти. Биз стереотипларга тўла жамиятда яшаймиз. Мана шу қолипдан чиқиб кетишимиз жуда ҳам қийин. Бу стереотип асрлар давомида шаклланган, уни битта ёки иккита дарс билан йўқ қилиб бўлмайди.

Лекин гендер зўравонликларни ҳам жимгина кузатиб ўтиролмаймиз. Аста-секинлик билан одамлар онгига ўрнашиб қолган эскича қарашларни ўзгартириш мумкин. Дарслар давомида талабаларнинг ҳам фикрлари ўзгариб боряпти. Улар мустақил равишда гендер зўравонликка қарши ечимлар, таклифлар беришяпти.

Демак, мактабларда ва бошқа олий таълим муассасаларида ҳам стереотипларни бузиш, танқидий фикрлаш ва гендер тенглиги дарсларини жорий қилишимиз керак. Шу билан бирга экология фанларини ҳам ўқув дастурига киритиш лозим.

Бу табиатшунослик ёки атрофимиздаги олам эмас, айнан экология бўлиши керак. Чунки дунёда барча нарса бир-бири билан боғлиқ. Зўравонликнинг замирида ҳам шу нарса ётади. Бизларда ҳозир қишда аномал совуқ, ёзда аномал иссиқ бўляпти. Бу одам психологиясига салбий таъсир кўрсатади.

Олимлар оилавий зўравонлик аномал иссиқ билан боғлиқ эканини исботлашган. Асабийлашиб келган одам аламини кимдан олади? Албатта, хотини ва болаларидан. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Биринчидан, таълим муассасаларида айнан мана шу иқлим ўзгаришига мослашишни тушунтириш керак. Мутахассислар ҳозирданоқ бош қотиришлари лозим. Иккинчидан, иқлимнинг оилавий зўравонликка боғлиқлигини тушунтириш керак. Муносабатни ўзгартириш, боя айтганимдек қизларга ҳам, йигитларга ҳам оилада бир-бирини қўллаб-қувватлаш фикрларини сингдириш керак.  

Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Оператор: Абдуқодир Тўлқинов.
Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид