Жаҳон | 20:34 / 29.12.2022
17775
3 дақиқада ўқилади

Россиядан газ экспорти совет давридаги энг паст даражага тушиб кетди 

Совет давридан бери Россия газининг экспорти мутлақ минимал даражага тушди. Буни давлат компанияси раҳбари Алексей Миллер тақдим этган «Газпром» статистикаси тасдиқлайди ва Reuters бу рақамларни 90 йиллардаги маълумотлар билан таққослади. 

Фото: Bloomberg / Getty Images

2022 йил охирида «Газпром» Россиядан хорижга 100,9 миллиард куб метр газ етказиб беради. Бу 185,1 миллиард куб метр газ экспорт қилинган 2021 йилга нисбатан 45 фоизга кам, шундан атиги 10,39 миллиард куб метри «Сила Сибири» қувури орқали Хитойга етказилган.  

Таъминот даражаси СССР парчаланганидан бери энг паст кўрсаткични қайд этган. Аввалги антирекорд 117,4 миллиард куб метр бўлиб, 1995 йилда қайд этилган. Ҳатто 1991 йилда газ етказиб бериш ҳажми ҳозиргидан юқори бўлган. 

Бироқ, Россия газ саноати суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб бериш ҳажмининг ошгани билан хурсанд бўлиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 11 ойи давомида Россияда СТГ ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсди ва 29,7 миллион тоннани ташкил этди. Бироқ, «Газпром» томонидан табиий газ қазиб олиш ҳажми деярли 100 миллиард куб метрга қисқарди - 2021 йилдаги 514,8 миллиарддан 412,6 миллиардгача. 

2022 йил давомида Россиядан газ экспорти мунтазам равишда пасайиб борди, Москва ва Брюссел эса санкциялар қарама-қаршилигини кучайтирди. Россия ўз контрагентларини газ учун ҳисоб-китобни рублда амалга оширишга мажбур қилди, шундан сўнг «Газпром»ни мижозлар тарк эта бошлади. Кейинчалик «Газпром» санкцияларни Европа Иттифоқини шантаж қилиш воситаси сифатида ишлатди: компания газ турбиналарини таъмирлаш баҳонасида «Шимолий оқим» орқали газ етказиб беришни мунтазам равишда қисқартириб борди. 

Томонлар ўртасида узоқ давом этган қарама-қаршилик ҳеч нарсага олиб келмади ва «Шимолий оқим» билан «Шимолий оқим 2» газ қувурлари портлатиб юборилганидан сўнг, ниҳоят, масала барҳам топди.  

Айни пайтда Украина газ қувурларининг фақат битта тармоғи ва Туркиядаги «Турк оқими» қувури орқали Жанубий Европага газ етказиб берилмоқда.  

Европа Россия газини АҚШ, Жазоир, Қатар, Норвегия ва ҳатто Австралияники билан алмаштиришга мажбур бўлди. Шунингдек, СТГ импортини оширди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид