Ўзбекистон | 19:39 / 03.01.2023
34863
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда шифохона портлаганда жароҳат олган аёл вафот этди

Аёл шоир Абдулла Ориповнинг синглиси, 74 ёшли Ойсара Орипова бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га шоирнинг яна бир синглиси Бибисора Орипова маълум қилди.

Аввалроқ 2022 йил 24 декабр куни Қашқадарё вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси портлаб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Оилавий архивдан. Чапдан ўнгга: Бибисора Орипова, Зулфия Орипова, Ойсара Орипова Раззоқ Орипов, Абдулла Орипов

Портлаш оқибатида шифохонада даволанаётган 2 нафар бемор куйиш тан жароҳатлари билан Қаршидаги шифохонага ётқизилган. Бибисора Орипованинг маълум қилишича, жароҳат олганлардан бири унинг синглиси Ойсара Орипова ва иккинчиси унинг турмуш ўртоғи бўлган.

«Синглим ва унинг эри шифохонага 23 декабр куни боришган. Куёвимнинг айтишича, улар борган куни шифохонанинг коридорида ва палатада ҳам газ ҳиди бўлган. Улар тўрт-беш кун даволаниб кетамиз деб ўша ҳолатда шифохонага жойлашишган. Бир сутка ётишгач газ ҳидига ўрганиб қолишган шекилли, ўша ерда ишлайдиган қариндош аёл бошқа жойга боринглар деса унашмаган. 24 декабр куни куёвим хонанинг чироғини ёқиши билан кучли портлаш содир бўлган. У енгилроқ куйган, палатанинг тўрроғида бўлган синглим 80 фоиз куйиш жароҳатини олган», деди Бибисора Орипова.

Бибисора Орипованинг айтишича, синглиси ва куёви даволанишга боришидан бир неча кун олдин шифохона маъмурияти шаҳар газ идорасидан рухсат олмасдан у ерда газ билан боғлиқ қандайдир ишлар қилган.

Оқибатда эскириб, яроқсиз ҳолга келган қувурдан газ чиқа бошлаган. Бу ҳолатни Ойсара Орипова ва унинг эри боргунча шифохона раҳбарияти ва маъмурияти ҳам билган, аммо бартараф этиш чораларини кўрмаган.

«Синглим кексайиб, соғлигида муаммолар бор эди. Унинг танаси 80 фоизга куйган. Ҳодиса содир бўлгандан сўнг унга Қаршидаги энг кучли врачлар қарашди. Аммо синглим вафот этди», деди Бибисора Орипова.

Унинг айтишича, айни дамда куёви Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Қашқадарё филиалида даволанмоқда.

Бибисора Орипова шифохонада газ сизиб чиқишига масъул мутасаддилар ва синглисининг ўлимига сабабчи бўлган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан текширув олиб борилаётгани ҳақида маълумотга эга эмас экан.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид