Жаҳон | 09:09 / 07.01.2023
9022
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 3 миллиард доллар ажратди

Американинг Украинага ёрдами пакетига Bradley пиёда аскарлар жанговар машиналари, М113 зирҳли транспорт воситалари, "Хаммер" йўлтанламаслари, гаубицалар, HIMARS учун ракеталар, шунингдек, турли артиллерия снарядлари киритилган.

Фото: Getty Images

Қўшма Штатлар Украинага 3 миллиард доллар (2,82 миллиард евро) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьернинг 6 январь, жума куни маълум қилишича, ушбу пакет - ҳозиргача энг каттаси - қурол ва ўқ-дориларни етказиб беришдан ташқари, Украина ҳарбий салоҳиятини узоқ муддатли мустаҳкамлаш ва қуролли кучларини модернизация қилиш учун 225 миллион доллар (211 миллион евро), шунингдек, Вашингтоннинг НАТО шарқий қанотидаги ҳамкорларига қурол сотиб олиш учун 682 миллион доллар (640 миллион евро) ажратишни назарда тутади.

Бироз вақт ўтгач, АҚШ Мудофаа вазирлиги бу сафар Украина оладиган қуроллар рўйхатини эълон қилди. Булар 50 та Bradley пиёда жанговар машинаси, 500 та танкка қарши ракеталар ва улар учун 250 мингта 25 мм калибрли снарядлар. Бундан ташқари, ёрдам пакетига 100 та М113 зирҳли транспортёрлари, 55 та минадан ҳимояланган MRAP зирҳли автомашиналари, 138 та HMMWVS («Хаммер») йўлтанламас автомобиллари, 18 та 155 мм ўзиюрар гаубица ва 36 та 105 ммлик тиркамали гаубица киритилган. Рўйхатга «Бук» зенит-ракета тизимидан учириш учун янгиланган Sea Sparrow "ер-ҳаво" синфидаги ракеталар; HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизим учун қўшимча ўқ-дорилар, турли артиллерия снарядлари, ракеталар, милтиқлар, пулемётлар ҳам киритилган.

Пентагон маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралда Россиянинг кенг кўламли агрессияси бошланганидан бери Қўшма Штатлар Киевга умумий қиймати 24,2 миллиард доллар (22,7 миллиард евро) миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатган.

Вашингтон 5 январь куни АҚШ президенти Жо Байден Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали суҳбатлашганидан сўнг Украинага пиёда жанговар машиналар етказиб берилишини эълон қилди. Германия, ўз навбатида, Киевга яқин вақт ичида 40 та Marder пиёда жанговар машинаси ва битта Patriot қурилмасини тақдим этишга ваъда берди. Бундан ташқари, 4 январь куни Франция Украинага AMX-10 RC зирҳли машиналарини жўнатиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Мавзуга оид