Ўзбекистон | 14:06 / 09.01.2023
17444
3 дақиқада ўқилади

«Док-1 Макс» эффекти: одамларнинг эҳтиёткорлиги ошди

«Док-1 Макс» сиропи болалар ўлимига сабаб бўлди. Бунинг ортидан «Quramax» компаниясининг Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган барча дори воситалари сотуви тўхтатилди. Ушбу воқеалар дорихоналардаги савдо ҳажмига қанчалик таъсир қилди? Одамлар дори истеъмолини камайтирдими? Кun.uz мухбири пойтахт дорихоналарида бўлиб, сотувчиларга микрофон тутди.

2022 йил Ўзбекистон учун оғриқли якунланди: «Док-1 Макс» сиропи ножўя таъсир қилиши оқибатида 20 нафардан ортиқ бола ҳалок бўлди. Хавф ҳали чекинмади: ҳудудларда ушбу доридан заҳарланиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари учраб турибди.

Шундай вазиятда бу аччиқ сабоқдан тўғри хулоса чиқарилдими? Арзирли сабаблар бўлмаса ҳам дорихонага югурадиган одамлар бироз ҳушёр тортдими? Шу каби саволлар билан дорихона сотувчиларига мурожаат қилиб кўрдик.

«Ҳозирча савдога ҳеч қанақа таъсири бўлгани йўқ. Одамларда дориларга бўлган ишонч камайди: олаётган дорисини, оригинал дорими, ўзимизда рўйхатдан ўтганми йўқми, кўпроқ сўрашяпти», – дейди дорихоналардан бирининг сотувчиси. 

Яна бир дорихона сотувчиси ҳам савдога таъсири бўлмаганини айтди. Аммо унинг кузатишича, одамларда аввалгига нисбатан эҳтиёткорлик ошган: 

«Нафақат Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, балки бошқа фирмаларники бўлса ҳам сироплар, шамоллашга, вирусларга қарши, иситма туширадиган дориларни сотиб олишда эҳтиёткор бўлишяпти. Олдин биз айтсак ҳам олишарди, ҳозир унақа эмас. Баъзилар таркибини ўқимай олади, баъзилар ўқийди. Албатта танишиб, кейин сотиб олган яхши». 

Айрим дорихона сотувчилари «Док-1 Макс» воқеаси савдо ҳажмига таъсир қилганини маълум қилишди.

«Тўқсон фоиз дорилар Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган. Уларни сотиб олишни исташмаяпти одамлар. Бу албатта савдога таъсир қиляпти. Лекин барибир юртдошларимизда дориларни яхши-ёмонга ажратиш, уларни сўраб-суриштириб олиш бошланганидан хурсандман», — дея таъкидлади сотувчилардан бири. 

Атрофимизда рўй бераётган ҳар бир воқеа бизга ҳам тегишли. Бу каби кўнгилсиз ҳолат мен билан содир бўлмади деган хотиржамлик катта хато бўлади. Шу сабабли, улардан тўғри хулоса чиқариш муҳим. Шундай экан, ўзимиз ва яқинларимиз соғлигига эътиборли бўлайлик.

Мақсуда Абдуқаюмова, журналист
Монтаж устаси: Асрор Алмурадов

Мавзуга оид