Иқтисодиёт | 15:31 / 09.01.2023
24729
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кўпайди

2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг «хавфсизлик ёстиқчаси» 35,8 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 628 млн долларга кўп. 

Фото: Reuters

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,77 млрд долларни ташкил қилган.  Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, 33,44 млрд доллар бўлган. 

Декабрь ойи давомида олтиннинг физик ҳажми камайган бўлса-да, (12,8 млн троя унциядан 12,7 млн троя унцияга), қиймати 22,46 млрд доллардан 23,06 млрд долларга ошган. Бу асосан ҳисобот даврида жаҳон бозорида олтин нархларининг қимматлашгани билан боғлиқ.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари ҳам 9,93 млрд доллардан 11,64 млрд долларга кўпайган.

«Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 0,6 млрд долларга ёки 1,8 фоизга ошди. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1799,25 доллардан 1812,35 долларгача кўтарилишининг таъсири 0,2 млрд долларни ташкил қилди», - дейилади Марказий банк изоҳида.

Захиралар мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳам ҳисобланади – улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Мавзуга оид