Жаҳон | 15:03 / 09.01.2023
23262
6 дақиқада ўқилади

Россия Макийивка учун «қасос операцияси» ўтказганини даъво қилди

Украина ҳудуди «ўт очишни тўхтатиш» режими вақтида ҳам, ундан кейин ҳам ўққа тутилиши давом этди.

Бахмут ўққа тутилиши. Фото: Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA

Рождество муносабати билан Россия томонидан жорий этилган Украинада бир томонлама «ўт очишни тўхтатиш» режими муддати 8 январга ўтар кечаси якунланди. Украина ҳукумати маълум қилишича, худди шу вақтда Россия қўшинлари Запорижжя, Харкив ва Донецк областларига бир неча бор зарбалар йўллаган.

7 январ куни кечқурун, маҳаллий вақт билан соат 22:00 атрофида (Москва вақти билан 23:00) Запорижжя ҳудудини ўққа тутиш бошланган, Украина бош прокуратураси маълумотига кўра, бу жараён ярим соат давом этган. Идорага кўра, шаҳар районларидан бири баравар ўт очиш реактив тизимидан кассетали ўқ-дорилар орқали ўққа тутилган. Фуқаролик ва инфратузилмалар объектлари, шунингдек аҳоли автомобиллари шикастланган. «Биз Россия билан биргамиз» («Мы вместе с Россией») ҳаракати раҳбари Владимир Рогов украин ҳарбий объектларига зарба берилганини иддао қилган.

Маҳаллий вақт билан соат 23:00 атрофида, Украина бош прокуратураси маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар Белгород области ҳудудидан Харкив атрофидаги Мерефа шаҳарчасига ракета зарбалари йўллади. «Корхона биноси шикастланган, бир киши ҳалок бўлган, тинч аҳоли вакилларидан яна бир киши яраланган», — дейилади идора хабарида.

8 январга ўтар кечаси Россия қўшинлари Донецк областининг Краматорск шаҳри томон еттита ракета зарбаси йўллаган. Регион ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленконинг сўзларига кўра, шаҳарда таълим муассасаси биноси ва саноат объекти шикастланган. «Дастлабки маълумотларга кўра, отишмалар чоғида қурбон бўлганлар ва яраланганлар йўқ», — деган Кириленко.

РФ мудофаа вазирлиги Краматорск бўйлаб зарбаларни Украина қуролли кучларининг янги йил кечаси Донецк областидаги Макийивка шаҳрига қилинган ҳужумга «жавоб операцияси» деб атади, Россия томони Макийивкадаги касб-ҳунар мактаби биноси ўққа тутилиши оқибатида 89 нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Россия томонига кўра, РФ қуролли кучлари Краматорскдаги иккита ётоқхонага зарбалар берган, уларда жами 1,3 мингдан ортиқ украин ҳарбийси бўлган. РФ мудофаа вазирлиги иддао қилишича, бу зарбалар натижасида 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Украина қуролли кучлари Шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий эса «Суспильне» нашрига РФ мудофаа вазирлиги маълумоти ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.

Украина Россиянинг бу зарбалари ҳали «ўт очишни тўхтатиш режими» амалда бўлган вақтда берилганини даъво қилган. Украина қуролли кучлари бош штаби маълум қилишича, 6 январ куни россиялик ҳарбийлар битта ракета зарбаси йўллаган ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан 20 та снаряд учирган, 7 январ куни эса тўққизта ракета йўллаган, авиациядан учта зарба берган ҳамда баравар ўт очиш реактив тизимларидан 40 та снаряд учирган, жумладан фуқаролик инфратузилмаларига ҳам. Бош штабга кўра, бу зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бор.

Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старухнинг айтишича, 7 январ куни россиялик ҳарбийлар регионда Орехов шаҳрига гуманитар ёрдам олиб кетаётган БМТ миссиясини ўққа тутган. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган. 6 январ куни, Рождество арафасида, Украинадаги энг йирик хусусий энергетика компанияси ДТЭК маълумотига кўра, Россия армияси иссиқлик электр станциясига зарба йўллаган. Компания айнан қайси ИЭС ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган, аммо бу станция аввал ҳам ўққа тутилгани маълум қилинган.

Пентагондагилар ҳам Украинада Рождествода «ўт очишни тўхтатиш режими» жорий этилганига қарамай ҳарбий ҳаракатлар давом эттирилганини маълум қилди. «[РФ президенти Владимир Путиннинг] ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги баёнотига қарамай, айтишим мумкинки, техник томондан ўт очишни тўхтатиш режимида турган бўлса ҳам, бугун Украинада жанглар кетмоқда», — деган АҚШ мудофаа вазирининг Россия, Украина ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Лора Купер 6 январ кунги брифингда. У Путиннинг ўт очишни вақтинча тўхтатиш режими ҳақидаги баёнотига шубҳа билан қарашни сўраган: «Бу Украинага бостириб кирмаслигини айтган ўша одам».

6–7 январ кунлари, Украинада «ўт очишни тўхтатиш режими» амал қилиб турган вақтда, маҳаллий расмийларнинг маълумотларига кўра, тинч аҳоли вакилларидан беш киши ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши яраланган. Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг айтишича, 6 январ куни Донецк ва Херсон областларида уч киши ҳалок бўлиб, яна 14 киши жабрланган. 6 январ куни ҳалок бўлган ва яраланганларнинг аксар қисми — Донецк областига тўғри келади, шу куни Бахмут ўққа тутилган. Украина бош прокуратурасига кўра, шаҳарда икки киши ҳалок бўлиб, яна 13 киши яраланган. 7 январ куни Донецк, Харкив ва Херсон областларида, Тимошенконинг сўзларига кўра, икки киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши тан жароҳати олган.

РФ мудофаа вазирлигидагилар «ўт очишни тўхтатиш режими»га амал қилганини, аммо украинларнинг артиллерия зарбаларига жавоб қайтарганини тасдиқлашган. 7 январ куни РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков Россия қўшинлари «фронтнинг бутун туташув чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатиш режимига амал қилгани», артиллерия зарбалари эса Украина томонидан берилганини айтган. У шунингдек россиялик ҳарбийлар Украина қуролли кучларининг ўт очган барча позициялари «жавоб зарбаси» билан бостирилганини қўшимча қилган.

Игорь Конашенков 8 январ куни Россия эълон қилган бир томонлама «ўт очишни тўхтатиш режими» вақтида Украина кучлари фронт чизиғи бўйлаб артиллерия тўплари ва баравар ўт очиш реактив тизимларидан 500 дан ортиқ зарба йўллаганини маълум қилди.

Мавзуга оид