15:24 / 09.01.2023
7269

ЕХҲТ уруш бошланганидан бери одам савдоси кескин ошганини эълон қилди

Жиноий тўдалар ёрдамга муҳтож жабрланувчиларни интернетда ёлғон ваъдалар билан ўзига тортади ва уларни тўғридан тўғри чегарада тутиб олади, деди ЕХҲТ раҳбари Ҳелга Мария Шмид Die Welt нашрига берган интервьюсида.

Фото: Shutterstock

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан буён одам савдоси кескин ошган, деди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Ҳелга Мария Шмид. Жабрланувчилар интернетда ёлғон ваъдалар билан алданиб қолишади, қабул қилаётган мамлакатларда жойлашган шахсий турар жойларида зўравонлик қурбонлари бўладилар ёки тўғридан тўғри чегарада одам савдогарлари томонидан ушланади, деди у 9 январь, душанба куни чоп этилган Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида. 

«Кўпинча бу ишда уюшган жиноятчилик иштирок этади. Бу жиноятчилар ёрдамга муҳтож, пул топишга мажбур бўлган, янги мамлакат тилини билмайдиган ва кўпинча уруш натижасида руҳий жароҳат олган одамлар билан учрашади», - дейди ташкилот раҳбари. Уруш бошланганидан бери украиналик аёллар ва болаларнинг жинсий хизматлари ва тасвирлари учун онлайн сўровлар сони 600 фоизга ошган, деди Шмид. Ҳомиладор аёлларни сотиш ҳолатлари ҳам кўпайган, деди у. 

Умуман олганда, ЕХҲТ ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб 25-27 миллион киши одам савдоси қурбонига айланган бўлса, ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига бор-йўғи 10 минг ҳолат тушган ва қурбонларнинг бир фоиздан камроғини аниқлаш мумкин. Бу одам савдоси билан шуғулланган жиноятчилар аксарият ҳолларда жазосиз қолаётганидан далолат беради, дея қўшимча қилди ЕХҲТ раҳбари. Айни пайтда, унинг сўзларига кўра, одам савдосидан йиллик даромад сўнгги 15 йил ичида беш баробарга ошиб, 150 миллиард долларга етган. 

ЕХҲТ 1,3 миллиард аҳолига эга 57 давлатдан иборат. 2022 йилдан бери Россия ташкилотнинг бюджетини блоклаб келмоқда. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top