Жаҳон | 17:59 / 10.01.2023
1849
1 дақиқада ўқилади

Молдова давлат муассасалари веб-саҳифалари кенг кўламли киберҳужумга учради

Молдова Ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик хизмати (STISC) давлат муассасалари веб-саҳифалари кенг кўламли киберҳужумларга учраётганини маълум қилди.

Фото: newsmaker.md

Бугунги кунга қадар ҳукумат электрон манзилларига 1330 дан ортиқ спам ва фишинг хабарлар юборилган бўлиб киберҳужумлар давом этмоқда дейди STISC масъуллари.  

Молдованинг MD домени фойдаланувчилари электрон почта орқали домен номининг амал қилиш муддати тугагани ҳақида хабардор қилинади ва тўлов ҳаволасини босиш орқали уни янгилаш сўралади. STISC бундай ҳаволаларга кирмасликни ва уларни блоклашни тавсия қилмоқда.

STISC таъкидлаганидек, фишинг энг кенг тарқалган киберҳужумлардан бири бўлиб, унинг мақсади фойдаланувчининг махфий маълумотларини (логин ва пароллар) эгаллашдан иборат. Фойдаланувчи даъво қилинган сайтга киряпман деб ўйлайди, лекин аслида у сохта сайтга йўналтирилади.

Масъуллар ушбу ҳужумлар кимлар томонидан амалга оширилаётганлигига аниқлик киритмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид